Ўзбекистон вакили БМТ бош қароргоҳида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда рақамли технологияларнинг ўрни ҳақида нутқ сўзлади
“Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда рақамли ва интеллектуал технологиялардан фойдаланиш” мавзусига бағишланган ушбу анжуман Хитой, Малайзия, Миср ҳамда БМТнинг бир қатор тузилмалари (БМТ-Аёллар, ЮНФПА) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова маъруза қилди.
Ўзбекистон вакили ўз нутқида қуйидаги муҳим жиҳатларга тўхталди:
Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг рақамли саводхонлигини ошириш ва уларнинг инновациялар соҳасидаги иштирокини кенгайтириш бўйича давлат сиёсати;
Онлайн макондаги зўравонлик, камситиш ва алгоритмик гендер тарафкашлиги каби замонавий таҳдидларнинг олдини олиш;
Аёлларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлашда замонавий технологиялар ва ҳуқуқий механизмларни интеграция қилиш.
Тадбирда, шунингдек, “БМТ-Аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Бахус, Хитой ва Малайзия делегациялари раҳбарлари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этиб, сунъий интеллект ва катта маълумотлар (Big Data) ёрдамида хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли минбардаги иштироки мамлакатнинг гендер тенглик йўлида халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорликка тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг