Ўзбекистон ва Жанубий Корея парламент тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Фото: Архив сурат
Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпўлатов ва Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси тадқиқот хизматининг (НАРС) Режалаштириш ва ҳамкорлик бўлими бошлиғи Юнг-Чул Го ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.
Музокаралар чоғида икки тадқиқот институтлари ўртасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболлари ва ўзбек томонидан ишлаб чиқилган ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси» лойиҳасининг бандлари батафсил муҳокама қилинди.
Дастурда институт делегациясининг КОИCA билан ҳамкорликда НAРСга тажриба алмашиш учун ташрифини ташкил этиш ва ички ҳужжатларнинг электрон айланиш тизимида НAРС тажрибасини ўрганиш, қонун лойиҳалари бўйича илмий хулосалар бериш ва парламентаризмни ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш нуқтаи назаридан институт ходимларининг назарий ва амалий билимларини, касб маҳоратини, илмий салоҳиятини ошириш мақсадида қисқа муддатли амалиётларини ташкил этиш, НАРС томонидан фойдаланиладиган тадқиқот қўлланмаларини ўрганиш ва институт ходимлари фойдаланиши учун янги қўлланма ишлаб чиқиш вазифалари назарда тутилган. Томонлар ушбу мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш йўллари хусусида фикр алмашдилар ва аниқ келишувга эришдилар.
Ўз навбатида, НАРС вакили 2024 йилда ўтказилиши режалаштирилган барча қисқа муддатли амалиёт дастурлари ва халқаро тадбирлар тўғрисидаги батафсил маълумотларни ўзбек томонига юборишини маълум қилди. Жумладан, 2024 йилда Халқаро парламент тадқиқотлари институтлари Форуми ўтказилиши ва унга Ўзбекистон Парламент тадқиқотлари институти раҳбарияти ҳам таклиф қилишини маълум қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг