Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўпқиррали ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда парламентлараро муносабатлар фаоллиги муҳим аҳамият касб этади

20:28 01 Май 2024 Сиёсат
1010 0

2024 йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Туркия Республикаси вице-президенти Жевдат Йилмаз бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари йил сайин мустаҳкамланаётгани, шу жумладан, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси сабаб ушбу муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, стратегик шериклик даражасига олиб чиқилгани эътироф этилди.

Олий даражадаги мулоқотлар мунтазамлик касб этмоқда. Бунинг натижасида икки мамлакат ўртасидаги қардошлик ва дўстлик ришталари, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар, туризм, таълим ва ижтимоий соҳасидаги ҳамкорлик янада ривожланмоқда.

Мулоқот давомида Туркия томони гендер тенглик, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, тартибли меҳнат миграцияси, оила ишлари ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида кўмаклашиш, бу борада ўзаро тажрибаси алмашиш ва аниқ лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик алоқалари минтақавий ва халқаро доирада мустаҳкамлаш, уни янада жадаллаштириш, парламентлараро гуруҳлар ва парламентларнинг барча қўмиталари ўртасида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, инновация, банк-молия, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда тўғридан-тўғри мулоқотларни фаол давом эттириш муҳим эканлигига тўхталиб ўтилди.

Учрашув сўнггида томонлар икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлигини чуқурлаштириш ва кенгайтириш йўлида ўзларининг бор тажриба ҳамда шижоатларини сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер