Ўзбекистон ва Сингапур: ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари

16:52 20 Январь 2023 Жамият
704 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Ўзбекистон ва Сингапур: ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон — Сингапур ўртасидаги алоқаларнинг кейинги босқичида миллий парламент олдида турган вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш, бу борада илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, охирги йилларда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги дипломатик муносабатлар йилдан-йилга ривожланиб боряпти, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошган. Юртимизда Сингапур капитали иштирокидаги корхоналар сони кўпайди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 17 январь кунги Сингапурга давлат ташрифи икки мамлакат дўстона муносабатларида янги саҳифа очди. Хусусан, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, давлат хизматчиларини тайёрлаш каби соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.

Давра суҳбати давомида экспертларнинг Ўзбекистон — Сингапур алоқалари истиқболларига доир маърузалари тингланди. Хусусан, Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир Жўраев Президентимизнинг Сингапурга амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни ҳаётга жорий этишда парламент олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган “Сингапур парламенти” номли тўпламнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов дастлаб дунё мамлакатлари парламентлари ҳақидаги тўпламлар ҳақида тўхталиб ўтди. “Сингапур парламенти” тўпламида ушбу мамлакат парламенти, унинг бошқарув аппарати, доимий қўмиталари, вақтинчалик махсус қўмиталар, тадқиқот департаменти ва бошқа таркибий бўлинмалар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига доир ўрганишлар натижалари ўз ифодасини топганлигини таъкидлади.

Якунда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни, хусусан, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер