Ўзбекистон ва Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Жорий йилнинг 26 октябрь куни Остона шаҳрида Ўзбекистон Ҳукумат делегациясининг Қозоғистонга ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Қозоғистон ҳукумат аъзолари ҳамда асосий вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Қозоғистон томони икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқотларнинг ишончли хусусиятини, бу икки давлат ўртасидаги барча даражадаги икки томонлама стратегик муносабатлар учун мустаҳкам пойдевор эканлигини таъкидлади. Суҳбат чоғида ўзаро шерикликнинг барча йўналишлари бўйича икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга содиқлик билдирилди.
Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр билан энергетика, машинасозлик, тўқимачилик тармоғи, саноат кооперацияси, тоғ-кон саноати, трансчегаравий сув ҳавзаларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Тўқимачилик кластерини яратиш бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар кўриш, Ишчи гуруҳ тузиш ва икки давлат ҳудудида фойдали қазилмаларни биргаликда қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича келгусидаги ишлар тармоқ жадвалини тайёрлашга келишилди.
Халқаро саноат кооперацияси марказини (ХСКМ) ташкил этиш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини, жумладан, Қозоғистон Республикасига юқори даражадаги ташриф якунлари бўйича «Йўл харитаси» билан тасдиқланган умумий қиймати 3,3 миллиард долларлик 34 та лойиҳа ва 37 та янги 2,5 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Тасдиқланган тармоқ жадваллари асосида лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ва келгусида ҳаётга жорий қилиш, шунингдек, истиқболли инвестиция лойиҳаларини ХСКМ ҳудудида жойлаштириш юзасидан ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Автомобилсозлик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. 2023 йилга қадар 10 минг дона Hyundai ва JAC автомобилларини етказиб бериш квоталари муддатини узайтириш бўйича келишувга эришилди ва Ўзбекистонда тўлиқ циклли автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни назарда тутувчи инвестиция шартномасини имзолаш келишиб олинди.
Бош вазир ўринбосари – савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин билан суҳбатда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, трансчегаравий ва минтақавий транспорт-логистика йўлакларини кенгайтириш бўйича аниқ амалий чора-тадбирларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Қозоғистондаги давлат харидларида иштирок этиши, шунингдек, икки мамлакат экспортёрлари томонидан гўшт ва гўшт маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни соддалаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.
Учрашувлар якунида муҳокама этилган лойиҳа ва ташаббусларни жадал амалга ошириш доирасида масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди, шу билан бирга бу йилги Ҳудудлар форуми ҳамда Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказишнинг барча ташкилий масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг