Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таълим соҳасидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда

17:18 31 Июль 2023 Жамият
553 0

Фото: “Халқ сўзи”

Хабар қилинганидек, 2022 йилнинг июнь ойида Aндижон машинасозлик ҳамда Хитойнинг Нанкин политехника институтлари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Мазкур меморандум ижроси доирасида ўтган бир йил давомида институт қошида хитой тилини ўрганиш ва Ёнг Ли техник марказлари, Лубан устахонаси фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, муассасалар профессор-ўқитувчиларининг онлайн учрашувлари ташкил этилиб, тажриба алмашилди. Натижада ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича бир қанча таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланди.

— Шу муносабат билан куни кеча Нанкин политехника институти вице-президенти Чжао Хушенг бошчилигидаги делегация Aндижон вилоятига ташриф буюрди,—дейди институт илмий ходими Умиджон Мамарасулов. —Учрашувда келгусида Хитой тили маркази фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида хитойлик мутахассисларни жалб қилиш, талабаларни Булоқбоши туманида фаолият юритаётган цемент ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида амалиёт ўташлари учун шароит яратиб бериш, шунингдек, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, биргаликда ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, институтда бакалавр ва магистрлар учун қўшма таълим дастурлари бўйича янги йўналишларни очиш, Aндижон машинасозлик институтининг электротехника, электромеханика, электротехнологиялар, муқобил энергия ҳамда Нанкин политехника институтининг электр автоматлаштириш технологияси ва иссиқлик электр иншоотлари каби йўналишларни трансформация қилиш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер