Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик ривожланмоқда

15:17 25 Март 2023 Сиёсат
804 0

Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Хитойнинг Сичуан провинцияси Ченду шаҳрида Ўзбекистоннинг инвестицион ва туризм салоҳиятига бағишлаб иқтисодий форум ўтказилди.

Форумда провинциянинг инвестицион ва туризм компаниялари, ишбилармон доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда тадбиркорлик ва инвестиция фаолияти учун яратилаётган кенг имкониятлар, иқтисодий эркинлик ва тадбиркорликни ҳуқуқий таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, республикамизнинг туризм салоҳияти ва туризм йўналишида Хитой билан ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, форум иштирокчилари эътиборига қадимий шаҳарларимиз, гўзал масканларимиз, бетакрор маданиятимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримиз тўғрисидаги тақдимотлар ҳамда видео роликлар намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритаётган хитойнинг «CC7», «Sichuan Mingyu Group» ва «Sichuan Huayi Tea Industry» каби компаниялари вакиллари сўзга чиқиб мамлакатимиздаги фаолияти ҳақида иштирокчиларга гапириб берди. Улар бугунги кунда хорижий Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай-шарт шароитларни, бизнес юритиш учун катта имкониятлар берилаётганини таъкидлаб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ҳам юқори баҳолади.

Форум доирасида, шунингдек, Сичуан провинциясининг йирик компаниялар вакиллари билан «G2B» форматида музокаралар ҳам бўлиб ўтди. Унда инвесторларга Ўзбекистонда яратилаётган кенг имкониятлар ва жозибадор инвестицион муҳит тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида мазкур компаниялар раҳбарлари мамлакатимизда инвесторлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратилганини таъкидлаб, Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни бошлашаётганини, айниқса жорий йилнинг март ойидан Ченду-Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилаётгани улар учун катта хурсандчилик бўлганини айтиб ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер