Ўзбекистон ва Ҳиндистон тадқиқотчи олимларининг илмий мақолалар тўплами чоп этилади
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан “Ҳиндистон – Марказий Осиё” жамғармаси билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари, жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги янгиланиш жараёни, мамлакатимизнинг халқаро майдонда юксалиб бораётган мавқейи, Марказий Осиё минтақасида бирдамлик ва ҳамкорлик руҳини кучайтиришдаги алоҳида роли, Жанубий Осиё давлатлари, жумладан, Ҳиндистон билан мустаҳкамланаётган серқирра алоқалари ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча жабҳаларда изчил ривож топиб бораётгани, ҳамкорлик салоҳиятининг янги қирралари очилаётгани, давлат етакчиларининг дўстона ва ўзаро ишончли муносабатлари икки томонлама ришталарни янада мустаҳкамлаш учун асос бўлаётганини қайд этди.
Ўзаро савдо-сотиқ ҳажми мунтазам ўсаётгани, ахборот технологиялари, таълим, тиббиёт, фармацевтика ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳалар кўлами кенгаяётгани, туристлар оқими фаоллашаётгани икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳали ўзлаштирилмаган имкониятларидан самарали фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайтирилаётганидан далолат бериши таъкидланди.
“Ҳиндистон – Марказий Осиё” жамғармаси президенти, Ҳиндистоннинг Қозоғистон, Эстония, Финляндия ва Суринамдаги собиқ элчиси, Марказий Осиё бўйича таниқли мутахассис Ашок Шарма Ўзбекистон минтақада етакчи мавқега эга эканини қайд этиб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган янгиланиш жараёни халқаро майдонда юксак баҳоланаётгани, жумладан, ҳиндистонлик тадқиқотчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлаётганини урғулади. Хусусан, Жамғарма томонидан 2023 йил Ўзбекистондаги сўнгги воқеаларга бағишлаб туркум анжуманлар ўтказилди, уларда Ҳиндистоннинг етакчи тадқиқот марказлари вакиллари фаол иштирок этиб, илмий маърузалар қилди. Ана шундай тадбирлар жорий йил ҳам давом эттирилади.
Жамғарма директори Рамакант Двиведи Элчихона ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатия академияси билан ҳамкорликда икки мамлакат тадқиқотчи олимларининг Ўзбекистон–Ҳиндистон серқирра муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган илмий мақолалари тўплами нашрга тайёрланаётгани ўзаро англашув ва истиқболдаги самарали алоқалар учун алоҳида аҳамият касб этишига умид билдирди. Китоб жорий йил баҳор ойларида кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.
Давра суҳбати чоғида Элчихона ва жамғарма ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, 2024 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган қўшма тадбирлар, турли йўналишларда, жумладан, олий таълим ва иқтисодий дипломатия соҳасида амалга ошириладиган янги лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг