Ўзбекистон туманида «Менинг мактабим» лойиҳаси ғолибларига 3 миллиард 656 миллион сўмлик замонавий жиҳозлар ажратилди
Ўзбекистон тумани мактаблари сони кўплиги бўйича Фарғона вилоятида етакчи ҳисобланади. Айни пайтда туманда 70 га яқин мактаб фаолият кўрсатаётган бўлиб, ушбу билим даргоҳларида келажагимиз ворислари мукаммал таълим-тарбия олмоқдалар.
«Менинг мактабим» лойиҳаси доирасида ҳам тумандаги таълим муассасалари моддий-техник базаси замонавий мезонлар асосида яхшиланиб бораётгани айни йўналишдаги ютуқлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан эътиборга молик.
— Президентимизнинг тегишли фармони асосида 2024 йилдан бошлаб бюджет маблағларини жамоатчилик иштирокида тақсимлашда мактаб ўқувчилари иштирокини назарда тутувчи – «Менинг мактабим» лойиҳаси йўлга қўйилгани бу борада муҳим омил бўлмоқда, — дейди Ўзбекистон тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Шоҳруҳбек Шокиров. — Умумтаълим муассасаларини ривожлантириш, ўқувчиларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу лойиҳанинг 2025-2026 ўқув йилидаги иккинчи босқичида ҳам ўқувчиларимиз фаол иштирок этди.

Айни босқичда тумандаги 68 та мактаб ўқувчилари қатнашиб, умумий қиймати 3 млрд 656 млн сўм бўлган 223 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Эътиборлиси, бу лойиҳалар учун қарийб 7,5 минг нафар ўқувчи томонидан овоз берилди.
Шу кунларда лойиҳа ғолиблари бўлган мактабларга 106 та замонавий интерактив сенсорли панеллар, 16 та билим даргоҳининг синф хоналари учун видео кузатув камералари ҳамда 5 та таълим маскани учун радиоузеллар олиб келинди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида фаол ва ташаббускор мактаблар учун парта, доска, стол-стул жамланмалари, ўриндиқлар, проектор, робототехника тўплами каби қатор зарурий ҳамда замонавий жиҳозлар келтирилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг