Ўзбекистон — Тожикистон: парламентлараро муносабатлар халқларимиз дўстлигига хизмат қилади

19:19 17 Апрель 2023 Сиёсат
1114 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзодани қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларга тўхталар экан, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган муносабатлари ва қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон-Тожикистон қардошлик ришталари ривожида ютуқларга эришилгани, икки томонлама алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани алоҳида таъкидланди.

Мулоқот давомида Тожикистон элчисига мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар ўзининг қизғин палласига киргани, айни кунларда Ўзбекистон халқи ва мамлакати бевосита демократиянинг муҳим институти бўлмиш умумхалқ референдумига юқори даражада тайёргарлик кўраётгани юзасидан маълумот берилди.

Ўз ўрнида А.Раҳмонзода ҳозирги пайтда икки давлат ўртасида турли соҳаларда анъанавий дўстлик ва шерикчиликка асосланган ҳамкорлик кундан кунга ривожланиб бораётганнини, бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги оқилона сиёсати муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Шунингдек, А.Раҳмонзода янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқларига, аҳолини ижтимоий ҳимояси, соғлиқни сақлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантиришга оид нормаларнинг акс этганини, аксарият нормалар халқпарвар давлат қуриш, кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этиш мақсадига йўналтирилаётганлигига юқори баҳо бериб, мазкур жараёнларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ва очиқ ёритиб борилаётганлигига эътибор қаратди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси парламентлараро дўстлик гуруҳлари икки томонлама савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада жадаллаштиришга қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш, хусусан делегациялар алмашуви, ўзаро тадбирларда қатнашиш ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан очиқ мулоқот олиб бориш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот якунида томонлар ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни ҳар томонлама давом эттиришга келишиб олдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер