Ўзбекистон Судьялар клуби қандай фаолият юритяпти?

20:16 24 Сентябр 2021 Жамият
554 0

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар клубининг онлайн-форуми бўлиб ўтди.

Президентимизнинг ўтган йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида Судьялар олий кенгаши ҳузурида Ўзбекистон Судьялар клуби ташкил этилган эди.

Моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколатига эга Ўзбекистон Судьялар клуби жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда.

Судьялар клубининг асосий ишлаш платформаси унинг онлайн форуми бўлиб, бу республикамиздаги барча судьяларга ўзаро мулоқот қилиш имконини беради.

 

 

Тадбирда айтилдики, ўтган вақт давомида онлайн форумда фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, казуслар ҳамда тушунтиришлар бўйича 253 та мавзу муҳокама қилинди.  Уларда, асосан меҳнат, мулк ва уй-жой, шунингдек, алимент, етказилган моддий ва маънавий зараларни ундиришга оид низоларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари, бу борада Олий суд Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж ва қонунчиликни такомиллаштиришга таклифлар ўртага ташланмоқда.

Тадбирда судьялар дахлсизлиги таъминланишининг самарали механизмлари, Одоб-ахлоқ кодексига қўшимча ва тушунтиришлар бериш зарурияти юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судлари судьялари фаолиятига оид масалалар муҳокама қилинди. Худди шундай давра суҳбати яқин келажакда жиноят, иқтисодий ва маъмурий судлар судьялари билан алоҳида-алоҳида ўтказилиши режалаштирилган.

 

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер