Ўзбекистон – Сингапур: Давлат бошқаруви соҳасида ҳамкорликнинг янги тенденцияси
Дунё мамлакатлари тажрибасидан маълумки муайян давлатда демократиянинг ўрнатилиши ва мустаҳкамланиши ўзига хос қонуниятлар асосида амалга оширилади. Бугун модернизация ҳамда трансформация жараёнлари глобаллашувнинг таъсири негизида дунёнинг барча мамлакатларидаги сиёсий жараёнларга аввалгидан шиддатли таъсир кўрсатмоқда.
Жамиятда сиёсий ўзгаришларни амалга ошириш ва ислоҳотларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашда парламентнинг роли беқиёс Зеро, унинг асосий сиёсий мавқеи, аввало, аҳолининг танлови (яъни сайловлар орқали) ҳамда ишончи билан шаклланишида намоён бўлади. Сингапур парламентининг шаклланиши 1819 йил билан боғлиқ бўлиб, у Буюк Британия мустамлакачилик тизимидаги биринчи ўзининг парламентига эга бўлган мамлакат сифатида мустақиллик учун илк қадамни қўйган.
Кейинги йилларда айнан парламент фаолиятида фуқароларнинг иштироки ҳамда сиёсий партияларнинг консолидацияси натижасида 1965 йилда Сингапур ўз мустақиллигига эришди ва шу йилдаёқ Сингапур давлат парламенти( яъни, мустақил, миллий парламент сифатида) номини олди. Кучли парламент – узоқ йиллик эволюция ҳамда унинг асосий фаолият субъектлари ва объектлари ўртасидаги муносабатлари натижаси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Сингапур парламентининг фаолияти ва сиёсий тизимни мустаҳкамлашдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ушбу давлат кейинги 30 йил давомида Осиёда қудратли давлатлар сирасига киришида аллоҳида ўрин эгаллади.
“Knight Frank and Citi Private Wealth” ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларида, Сингапур аҳоли жон бошига даромади юқори бўлган мамлакатлар ичида биринчи ўринни эгаллашини ва бу жараён 2050 йилгача давом этиши кўрсатилиб, бу жамиятда ўрнатилган сиёсий барқарорлик ва унга дахлдор бўлган сиёсий институтларнинг фаолияти билан боғлиқдир (Сиёсий барқарорлик бўйича 10 баллик тизимда Сингапур 9,5 баллга эгалик қилади). Ҳар бир парламент ўзи мансуб мамлакатнинг тарихий ривожланиш қонун-қоидалари, шароити ҳамда фуқароларнинг сиёсий маданияти каби хусусиятларни ўзида мужассам этади.
Шу ўринда Сингапур парламентининг қуйидаги асосий жиҳатларини кўрсатиб ўтиш мақсадга мувофиқ: Парламентнинг асосий вазифаси сифатида қонунчилик нормаларини шакллантириш, давлат молиявий фаолияти устидан назорат ва ҳамда турли вазирликларнинг парламент олдида ҳисобдорлигини ошириш; Парламентнинг фаолияти ташкил топгандан бери, сайланган депутатларнинг ваколати муддати 5 йилни ташкил этади, бу эса унинг фаолиятини бир маромда кечишини ҳамда унинг иш унумдорлигини оширади; Сингапур парламенти бир палатали ҳисобланади; Сингапур Конституциясининг 44-моддасига кўра, фуқаролар актив ва пассив сайлов ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин ҳамда парламентга 21 ёшдан ўз номзодларини қўйиш имконияти тасдиқланган, бунда давлат бошқаруви, аввало, ёш, креатив фикрли инсонлар билан таъминланишига алоҳида урғу берилади.
Тан олиш керак кучли парламент, аввало, демократик сайловлар орқали мустаҳкамланади. Чунки Сингапур энг шаффоф сайлов тизимига ва сиёсий технологияга эга бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг Сингапур Республикасига ташрифи ушбу мамлакат билан кўплаб соҳада ўзаро ҳамкорлик ракурсини шакллантириш имконияти сифатида алоҳида аҳамиятга молик.
Шуларни ҳисобга олиб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Сингапурга ташриф давомида ушбу мамлакат билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг олтита асосий йўналиши илгари сурилди ва улар қуйидагилардан иборат: 1)Инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш (Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби иштирокида бошқарув, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди); 2) Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилиш.
Шу маънода музокараларда Сингапурнинг етакчи компанияларининг илғор тажрибаси, замонавий технологиялари ва бошқарув усулларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг йирик корхоналарини хусусийлаштириш доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилиш; 3) Илғор «яшил» технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш; 4) Шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларини такомиллаштириш; 5) Инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш; 6) Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, муайян мамлакатда сиёсий барқарорликни таъминлаш бугунги кунда давлатлар олдида турган энг асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Бу борада асосий сиёсий институтлар, айниқса, парламентнинг ўрни ва ролини ошириш ҳамда унинг ишлаш механизмлари ва технологияларини илғор хорижий тажрибалардан фойдаланган ҳолда қўллаш муҳим саналади. Бу эса давлатда демократия янада мустаҳкамланишига ва натижада аҳоли фаровонлиги янада яхшиланишига, инсон омилини ҳимоя қилувчи бошқарув тизими шаклланишига хизмат қилади. Зеро кучли давлатлар кучли демократик институтлар ва фуқароларнинг юқори сиёсий фаоллиги асосида бунёд бўлади.
Ғолибжон Маҳаммаджанов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти БМТ ўқув маркази бошлиғи.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг