Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби 32 ёшда!
Бугун, 2 июль, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун сифатида нишонланади.
«Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган.
Гербимиз гуллаган водий узра чарақлаб турган қуёш тасвиридан ҳамда сўл томонида буғдой бошоқлари, ўнг томонида очилган пахта чаноқлари тасвири туширилган чамбардан иборат.
Гербнинг юқори қисмида республика жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган: саккиз қирра ичида жойлашган ярим ой ва юлдуз мусулмонларнинг қутлуғ рамзидир.
Гербнинг марказида ҳиммат, олижаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик ёʻлидаги орзу-умидларини ифодалайди.
Гербнинг пастки қисмида республика Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бандига «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг