Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2019 йилдаги фаолияти ҳақида ахборот тингланди
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни эшитдилар.
Таъкидланганидек, Ташқи сиёсий алоқаларни янада ривожлантириш бўйича вазирлик томонидан муайян иш олиб борилган. Вазирликнинг бевосита ва фаол иштирокида 2019 йилда давлатимиз раҳбари ҳамда хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар раҳбарларининг 20 та ташрифи ташкил этилди. Олий даражадаги ташрифлар ва тадбирлар якунлари бўйича Ўзбекистон Ҳукумати томонидан хорижий мамлакатлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 138 та “йўл харитаси” қабул қилинди.
Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қатор юқори даражадаги тадбирлар, хусусан, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг иккинчи Маслаҳатлашув учрашуви ўтказилди. Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари иштирокида сармоявий бизнес-форумлар ўтказилди, потенциал хорижий инвесторларнинг кўплаб ташрифлари амалга оширилди.
Мамлакатимизнинг ташқи сиёсий фаолияти қонунчилигини янада такомиллаштириш бўйича икки томонлама олий ва юқори даражадаги тадбирлар доирасида 122 та икки томонлама халқаро шартнома имзоланди, 28 та кўп томонлама халқаро ҳужжат ратификация қилинди.
Шу билан бирга, вазирлик фаолиятида бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар мавжуд. Жумладан, вазирлик ва Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарининг ахборот-таҳлил фаолияти натижадорлиги ўта суст бўлиб қолмоқда. Ишончли маълумот манбаларининг камлиги, асосан оммабоп маълумотларга таянган ахборотномаларнинг тайёрланиши ҳар томонлама чуқур ишлаб чиқилган долзарб ташқи сиёсий ташаббус ва таклифларнинг тақчиллигига олиб келмоқда.
Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан иқтисодий дипломатия самарадорлигининг ўта пастлиги қайд этилди. Вазирлик ҳисоботига кўра республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 1200 дан ортиқ бизнес-форум ўтказилди, 3700 дан ортиқ ўзаро ташриф амалга оширилди. Аммо уларнинг амалий натижаси деярли йўқ, айрим ҳолларда тадбирлар номига ва самарасиз ўтказилмоқда.
Хорижий шериклар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ҳар томонлама пухта ўйланган аниқ мақсадли режалар ишлаб чиқилишига ҳанузгача юзаки қаралмоқда. Хорижий мамлакат компанияларининг таклифларига тегишли ташкилотларнинг жавоб бермаслиги, қайта алоқанинг йўқлиги натижасида лойиҳаларни кўриб чиқиш муддати чўзилиб кетмоқда. Идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш масаласи ҳанузгача тўлиқ ҳал этилмаган. Аёл кадрларни юқори дипломатик лавозимларга тайёрлаш ишлари тизимли йўлга қўйилмаган.
Шу муносабат билан сенаторлар томонидан вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга доир қатор тавсиялар билдирилди. Жумладан, Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот-таҳлил фаолияти ҳамда вазирлик томонидан ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг уларга бириктирилган республика ҳудудларининг ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигини ошириш учун шахсий жавобгарлиги кўрсатилди. Бу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг