“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси — 2018” ғолиби аниқланди

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали анжуманда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси аъзолари, бошқа ташкилотлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичлари ғолиблари, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларининг бир гуруҳ талабалари қатнашдилар.
Анжуманда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказилган Қуръон мусобақаси халқимизга катта мамнуният бахш этгани, бундай тадбирлар тинч ҳамда осойишта юртимиз довруғини янада кенг ёйишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Мусобақанинг 21 — 24 апрель кунлари ўтказилган якуний босқичида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган жами 89 нафар иштирокчи “тиловат” ва “ҳифз” йўналишларида ўзларини синаб кўрдилар.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 3-курс талабаси Йўлдошали қори Нуриддинов олий соврин — Гран-прига лойиқ, деб топилди ҳамда унга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси — “Жентра” русумли автомашина топширилди. Шунингдек, мусобақада “Энг хушовоз Қуръон қориси” (4 нафар), “Энг ёш Қуръон қориси” (4 нафар) ва “Матонатли қори” (5 нафар) йўналишлари бўйича ҳам совриндорлар аниқланиб, уларга диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг