Ўзбекистон Миграция халқаро ташкилотига аъзо бўлди
Иллюстратив фото
Миграция бўйича халқаро ташкилот (МХТ) - БМТ Миграция агентлиги Кенгашининг Женева шаҳрида очилган 109-сессиясида овоз бериш натижасида Ўзбекистон Республикасининг МХТга аъзо бўлиш тўғрисидаги мурожаати қўллаб-қувватланди.
“Мамлакатингиз жаҳоннинг энг қадимий ва энг гуркираган савдо йўллари ўтган гўшаларидан биридир, шу сабаб ҳудудингиздан мусофирлар узоқ ўтмишдан бери ўтиб келишган. Ташкилотнинг Бош директори сифатида бу менинг илк бор аъзо давлатни қутлашимдир ва бошқа аъзоларни ҳам қутлаш имконияти бўлишига умид қиламан“, дея гапириб ўтди МХТнинг янги Бош директори Антонио Виторино.
Ўзбекистоннинг МХТга қўшилиши тўғрисидаги масала Кенгаш сессиясининг кун тартибига Ўзбекистон ҳукуматининг мурожаатига биноан киритилганди. Сессия ишида мамлакат номидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баҳодир Низомов иштирок этмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга мамлакат ҳисобланади ва у МХТга минтақадан қўшилган сўнгги давлат бўлди.
“Миграция нуқтаи назаридан, минтақа дунёдаги энг динамик ва тез суръатлар билан ўзгариб бораётган ҳудуд ҳисобланади. Ўзбекистонда кўрганларим ва у ерда ўрганганларимга асосан шуни тўлиқ ишонч билан таъкидлай оламан-ки, миграцияни бошқариш борасидаги чақириқларга жавоб бериш ва мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича МХТ ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик сермаҳсул бўлади. Бу эса умуммиллий, минтақавий ва глобал миқёсларда чексиз фойда келтиради”, дейди Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форумида иштирок этиб қайтган МХТнинг минтақавий директои Аргентина Сабадош.
Ўтган ҳафта Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми доирасида, МХТ ташаббуси билан, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси матнига киритилди. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Давлатлар барча мигрантларнинг инсон ҳуқуқларини, уларнинг миграциявий ҳолатидан қатъий назар ҳамда Барқарор тараққиёт мақсадларига мувофиқ, ҳурмат қилинишини, ҳимоя қилинишини ва амалга оширилишини таъминлашга интилиши керак”. “Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бўлган ва одам савдосидан жабрланган шахслар ҳамда ёрдамга муҳтож мигрантларга ёрдам бериш асносида, 2003 йилда бошланган. 2015йилдан бери ҳамкорлигимиз жадал суръатларда ривожланиб борди, натижада шу кунга қадар иккита Қўшма иш режалари бажарилди ва бу йил 2018-2019-йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик йўл харитаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланди“, дейди МХТнинг Марказий Осиё бўйича Субминтақавий координатори, Миссия раҳбари Деян Кесерович.
Ўзбекистон Республикаси Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон билан чегарадошдир. Деярли 33 миллион аҳолига эга ушбу мамлакат, минтақадаги аҳолиси энг кўп мамлакат бўлиши баробарида, мигрантлар келиб чиқиш сони бўйича ҳам етакчидир. Эндиликда чегараларнинг очилиши муносабати билан, у қўшни мамлакатлардан келаётган мигрантлар учун транзит ҳудудга ҳам айланиб бормоқда. Мамлакат иқтисодиётининг юқори кўрсаткичларда ўсиб бораётгани натижасида, Ўзбекистон мигрантлар учун манзил давлатга ҳам айланиши мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг