Ўзбекистон — МДҲ: Барқарор ривожланиш учун замин яратилди
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси биринчи марта МДҲ раислиги вазифасини олган эди. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги муваффақиятли амалга оширилди ва бу жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Ушбу натижаларни баҳолаб, ишонч билан айтиш мумкинки, кўплаб минтақавий ва халқаро ташкилотлар фаолиятини қийинлаштирган мураккаб эпидемиологик вазиятга қарамай, Ўзбекистон МДҲ доирасида жуда сермаҳсул ва самарали ишларни амалга оширди. Ўзбекистон раислиги даврида 60 га яқин кўп томонлама тадбирлар ўтказилди, 70 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2030 йилга мўлжалланган иқтисодий ривожланиш стратегияси, транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, туризм, спорт ва ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорлик стратегиялари қабул қилинди.
МДҲга аъзо давлатлар иқтисодий ҳамкорлигининг 30 дан ортиқ йўналишлари бўйича 2030 йилгача бўлган даврда МДҲ иқтисодий ривожланиш стратегияси қабул қилингани катта аҳамият касб этади. Зеро, Стратегия татбиқ этилиши натижасида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлилиги ортади ҳамда Ҳамдўстлик давлатлари фуқароларининг фаровонлиги янада ошади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган дастурий ҳужжат ҳамдўстлик доирасида умумий транспорт майдонини шакллантириш, МДҲ давлатларида транспорт коридорлари рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг Европа ва Осиё транспорт тизимларига интеграциясини амалга ошириш бўйича сиёсатни назарда тутади.
МДҲда Ўзбекистон раислигининг энг муҳим ютуғи сифатида келгуси ўн йилликда МДҲни янада ривожлантириш концепциясининг қабул қилиниши бўлди. Ушбу ҳужжат сиёсий, иқтисодий, гуманитар, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва узоқ муддатли интеграциялашган иқтисодий ва сиёсий иттифоқни шакллантириш, ҳар бир аъзо давлатнинг самарали ривожланиши учун белгиланган чора-тадбирларнинг амалга ошишига олиб келади. Шунингдек, фуқароларнинг фаровонлигини ошириш, жаҳон миқёсида сиёсий, ижтимоий-маданий ва иқтисодий жараёнларнинг ривожланишига замин яратади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон раислиги йилида 2021 — 2025 йилларда МДҲга аъзо давлатлар ташқи чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, 2030 йилга аъзо давлатларнинг инновацион ҳамкорлигини ривожлантириш аъзо давлатлар иқтисодиётини мустаҳкамлашга олиб келади. Ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган вазифалар юқорида қайд этилган концептуал ва дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича мувофиқлаштириш, МДҲга аъзо давлатларнинг умумий стратегик манфаатлари ва ривожланиш мақсадларини тенг, ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликнинг янада кенгайишига олиб келади. Бу борада Ўзбекистон Президенти ташаббуслари алоҳида долзарблик касб этади. Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 18 декабрь куни МДҲ давлатлар раҳбарлари иштирокидаги саммитда электрон тижоратни ривожлантириш бўйича Ҳамдўстлик йўл харитасини қабул қилиш, саноат ҳамкорлик комплекс дастури, меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик дастурлари, «МДҲ мамлакатлари соғлиқни сақлаш марафони» каби ташаббусларни илгари сурган эди. Қабул қилинган стратегик ва концептуал ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишга қаратилган ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши МДҲга аъзо давлатларнинг улкан салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, коронавирус пандемиясидан кейинги даврда Ҳамдўстликда барқарор ва прогрессив ривожланишни таъминлаш бўйича умумий саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлаш имконини беради.
Бу эса, ўз навбатида, Ҳамдўстликнинг кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизми сифатида ҳаётийлигини, янги воқеликка мослашишга тайёрлигини ва МДҲга аъзо давлатлар аҳолисининг фаровонлиги, даражаси ва ҳаёт сифатини барқарор оширишга бўлган умумий истагини тасдиқлайди.
Умуман, Ўзбекистон Республикаси Ҳамдўстликдаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда қатъий иродасини намоён этди ҳамда МДҲдаги раислиги доирасида юқори натижаларга эришди. МДҲга аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун барча соҳаларда амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни, барқарор ривожланишни янги босқичга олиб чиқди.
Муҳаммад ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Фан, таълим, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг