Ўзбекистон – Корея: ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати
2023 йил 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Корея Республикасининг мамлакатимиздаги янги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг билан учрашди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, парламентлараро мулоқот даражасини ошириш ҳамда ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги давлатлараро сиёсий, савдо иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик, «халқ дипломатияси» йўлидаги алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган саъйи-ҳаракатлар давлатлараро алоқаларнинг изчиллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётгани натижасида охирги беш йил ичида товар айирбошлаш икки баравар ошди ва 2022 йилда 2,3 млрд долларга етди.
Мулоқот чоғида парламентлараро алоқаларнинг амалдаги ҳолати ва келгусидаги ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидлаш жоиз, айни пайтда Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссияси ва Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси «Корея-Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик Ассоциацияси самарали фаолият юритиб келмоқда.
Учрашув давомида Сенат Раиси элчини юксак ва масъулиятли вазифага тайинлангани муносабати билан самимий қутлаб, Корея Республикаси Ўзбекистон учун ишончли ва вақт синовидан ўтган доимий ҳамкор эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Сенат Раиси икки томонлама алоҳида стратегик шериклик муносабатларининг юқори даражасини мустаҳкамлашда парламентлар муҳим ўрин тутиши, давлатларимиз ўртасида эришилган келишувларнинг амалий ижроси устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш борасида ҳамкорликдаги самарали ишларни олий даражада давом эттириш муҳимлигини қайд этди.
Ўз навбатида Ким Хи Санг самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасида узоқ йиллар давомида деярли барча соҳаларда шаклланган дўстлик муносабатларининг Корея Республикаси учун ниҳоятда аҳамиятли ва қадрли эканлиги, ҳамда бундай стратегик шерикликни янада кенгайтиришда парламент дипломатияси таянч ролга эгалигини муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашув якунида саноат соҳасида, хусусан, тўқимачилик саноатида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштириш, шунингдек, мамлакатларнинг халқаро даражадаги ташаббусларини ўзаро қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг