«Ўзбекистон–Хитой саноат корхоналарида технологик ҳамкорлик: инновацион ва рақамли ечимлар» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди

12:03 17 Март 2026 Илм-фан
213 0

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Huansi Intelligent Technology Co., Ltd компанияси ҳамкорлигида «Ўзбекистон–Хитой саноат корхоналарида технологик ҳамкорлик: инновацион ва рақамли ечимлар» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзтўқимачиликсаноат уюшмаси, Ўзчармсаноат уюшмаси ҳамда Ўзбекипаксаноат уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Хитой корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик учрашувлари ўтказилиб, саноатни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар томонидан бундай ҳамкорлик замонавий технологик ечимларни жорий этиш, қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ҳамда янги авлод юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун кенг имкониятлар яратиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, илғор технологик компаниялар билан ҳамкорлик ишлаб чиқаришни рақамли бошқариш тизимларини жорий этиш, корхоналар самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ҳамда «ақлли фабрика» тамойилларига босқичма-босқич ўтиш имконини бериши қайд этилди.

Институт учун бундай ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга бўлиб, қўшма лабораториялар ташкил этиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, инновацион ишланмаларни саноатга татбиқ этиш ҳамда замонавий технологиялар билан ишлай оладиган мутахассисларни тайёрлаш йўлида янги имкониятларни очиб бермоқда.

Форум якунида ушбу тадбир нафақат долзарб масалаларни муҳокама қилиш майдони, балки янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни бошлаш учун муҳим платформа экани таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер