Ўзбекистон-Хитой қишлоқ хўжалиги бизнес форуми бўлиб ўтди

18:42 23 Январь 2024 Иқтисодиёт
938 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бугун ҳамкорлар билан юзма-юз кўришиш, истиқбол ва амалиётдаги имкониятларни тўғри чамалай билиш зарурий ишлар сирасидан жой олган. Саволларга жавоблар, ўзингиз ҳақингизда имкон қадар очиқ маълумот бериш тадбиркорликнинг ажралмас қонуниятига айланиб улгурди.

Хитой асрлар давомида янгилик ва ўзгаришларга интилувчанлиги билан ажралиб турган. Не ихтиро ва янгиликлари инсонлар ҳаёт даражасини ошиши ва мушкулини осон қилишга хизмат қилиб келаётгани ҳам рост. Анъаналар давом этади. Буни ер куррасида яшаётган ҳар бир инсон мисолида гапирса бўлади. Боиси, бу юртнинг маҳсулотлари кириб бормаган ва у ҳақида эшитмаган топилмаса керак. Барчасига эса қатъий интизом, ишига бўлган масъулият ва ватанпарварлик асос бўлган десак, муболаға эмас.

Бугун нафақат маданият, туризм, сув хўжалиги соҳаларида, балки қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам улкан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва вазирлик мутасадди вакиллари ҳам ўз йўналишида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш ва Хитой тажрибасини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш илинжида.

Мана шундай хислатлар жам бўлган диёр тадбиркорлари Ўзбекистон билан тадбиркорлик ва ишбилармонлик муносабатларини мустаҳкамлаш илинжида. Сармоя киритиш ҳамда шу орқали ўз бизнеслари қаддини кўтариб олиш илинжида улар. Мамлакатимиз хитойликлар учун тарихан доимо катта қизиқиш марказида бўлган. Буни тарихан яхши англаймиз. Замонавий дунё тараққиётининг қоидалари ана шу тарихий муштаракликни ишончли шерик ва ҳамкор муносабатларида давом эттиришга замин яратаётир.

Давлатимиз раҳбарининг расмий Пекин таклифига кўра амалга оширадиган давлат ташрифи арафасида ташкиллаштирилган Ўзбекистон-Хитой қишлоқ хўжалиги бизнес форуми ҳам юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир. Нега айнан ушбу йўналишда деган ҳақли савол туғилади. Жавоби ҳам оддий: бугун бизнес аниқ ва манзилли ишлашни афзал кўради. Шунинг учун Ўзбекистоннинг ХХРдаги элчихонасида ташкил этилган анжуман ўз атрофига 80 га яқин тадбиркорни жамлади. Аслида иштирокчилар сони жуда кўп эди. Аммо жой ва вақт имкониятлари туфайли уларнинг сонини жойида қисқартиришга тўғри келди. Секция ва сессияларга бўлиниб иш ташкил қилинди. Бу эса хитойлик тадбиркорларнинг юртимиз иқтисодиёти ва унинг истиқболига бўлган қизиқишлари нечоғли кучли эканини кўрсатиб турибди. Очиғи, тадбирга таклиф этилганлар билан бир қаторда йирик ва нуфузли компания вакиллари ҳам эш бўлиб келишди. Қувонтиргани, сармоя билан биргаликда энг сўнгги ишланма, илмий изланиш натижалари ҳамда билим ҳосилаларини айни Ўзбек заминида истиқболли санаётир уларнинг бари.

Сув тежовчи технологиялар, уруғчилик, чорвачилик, маҳсулотларни қайта ишлаш, ер ҳолатини тиклашга йўналтирилган ишланмалар, мевали кўчатлар етиштириш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш, ҳайвонларда учрайдиган касалликларга қарши вакциналар, қўзиқорин етиштириш, агрологистика марказларини ташкил этиш, инновацион лабораториялар ташкил этиш, боғ ва узумзорларни ақлли бошқариш тизимлари, полиз маҳсулотларининг ҳосилдорлигини оширувчи, дон ва дуккакли маҳсулотларнинг янги авлодини етиштириш лойиҳалари. Бу фақат айни қоғоздан амалиётга кўчаётган келишувлар. Қайд этганимиз 80 дан зиёд тадбиркор айни ернинг ўзида 10 га яқин ўзаро келишувларга имзо чекди. Ва илк савол: ишни қачон бошласак бўлади? Демак, Ўзбекистон ўзининг ишончли ҳамкор эканини ҳар он ва ҳар ерда исботлаб турибди. Бу юртимизга берилаётган ҳаққоний баҳо. Буни хитойликлар яхши билишади. Бизнес фойда устига қурилади. Аммо бугунги учрашув иштирокчилари нафақат фойда, балки ҳар томонлама суянса бўладиган чин ҳамкор топганларидан мамнун. Чин сўзи, ҳам қиёсий ҳам ишбилармонлик луғатидаги асосий манба бўлиб хизмат қилишга ишонишлари эса қувонарли ҳол.

Фото:  “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер