«Ўзбекистон — кенг кўламли ислоҳотлар мамлакати»

09:35 20 Июнь 2018 Иқтисодиёт
1671 0

Хитойдаги машҳур “Psearcher” журналининг махсус сони ана шундай номда чоп этилди.

Журналнинг сержило саҳифаларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётидаги кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш, давлатнинг демократик асосларини мустаҳкамлаш борасида эришилаётган ютуқларга ҳам юқори баҳо берилган.

Материалларда Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти, бизнесга халақит бераётган маъмурий тўсиқларга босқичма-босқич барҳам бериш, тадбиркорларга кредитлар ажратишнинг соддалаштирилган жараёнлари ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти фаолияти тўғрисидаги янгилик ҳам журналхонлар эътиборини тортиши, шубҳасиз.

Нашрда Ўзбекистон ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишлари — таълим, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳалари ривожи хусусида хабар берилар экан, ўқувчилар фуқаролик жамияти институтларининг шаклланиш жараёнлари, сўнгги йилларда миллатлараро тотувлик ва аҳилликни мустаҳкамлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар билан таништирилади.

Шу билан бир қаторда, фуқароларнинг фаоллигини рағбатлантириш ва давлат органлари билан мулоқот механизмларини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳам тўхталиб ўтилган. Президентимиз ташаббуси билан таъсис қилинган Халқ қабулхоналарининг самараси ҳақли эътироф этилган.

Журналнинг алоҳида бўлимида ўзбек халқининг кўп асрлик удумлари ва анъаналари, мамлакатнинг юксалиб бораётган сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳикоя қилинади. Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари, амалий санъат намуналари, миллий ошпазлик ҳамда пазандалик санъатимиз чиройли тарзда тасвирланган.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер