Ўзбекистон Ҳуқуқ устуворлиги индексида 140 давлат орасида 78-ўринни эгаллади
Иллюстратив фото
Жаҳон одил судлов лойиҳаси «World Justice Project» (WJP) 2022 йил учун Ҳуқуқ устуворлиги индекси натижаларини эълон қилди.
Унда дунёнинг 140 та давлатидаги ҳуқуқ устуворлиги баҳоланган. Ўзбекистон максимал 1 баллдан 0,5 балл тўплаб, дунёнинг 140 та давлати орасида 78-ўринни эгаллади. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан етти поғона юқори (85-ўрин) натижадир. WJP рейтингига кўра, саккизта баҳолаш мезонидан олтитасида мамлакатимиз кўрсаткичларининг яхшиланиши кузатилмоқда:
- ҳукумат ваколатларининг чекланганлиги (114-ўрин, 7 бандга);
- ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари (99-ўрин, 6 бандга);
- коррупциянинг йўқлиги (66-ўрин, 4 бандга);
- фуқаролик судлови (75-ўрин, 3 бандга);
- жиноий одил судлов (65-ўрин, 2 бандга);
- асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш (107-ўрин, 2 бандга) яхшиланган.
Шу билан бирга, «тартиб ва хавфсизлик» мезони бўйича Ўзбекистон 1 баллдан 0,9 балл олди, бу эса жаҳон ўртача кўрсаткичидан (0,72) юқоридир. Бу мезон бўйича мамлакатимиз 16-ўринни банд этиб, МДҲ давлатлари орасида ҳам етакчи бўлди, шунингдек, АҚШ ва Германия, Нидерландия, Бельгия, Буюк Британия каби давлатларини ортда қолдирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон 2015 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда Қозоғистон, Испания, Дания, Эстония ва Аргентина каби давлатлар қаторида кўрсаткичлар бўйича (4,1 фоиздан ортиқ) энг катта яхшиланишни қайд этди.
Шуни таъкидлаш керакки, WJP маълумотларига кўра, ўтган йил давомида Индекс тадқиқотлари қамраб олинган мамлакатларнинг 61 фоизида (82 та давлатда) кўрсаткичлар ёмонлашган. Бундай ҳолат дунёнинг барча минтақаларида кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, «Жаҳон одил судлов» 2006 йилда Америка адвокатлар уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган. 2009 йилда халқаро мустақил мақомга эга бўлган нотижорат ташкилотдир. У дунё мамлакатларида қонун устуворлиги аниқлаш бўйича тадқиқотлар олиб боради. «Ҳуқуқ устуворлиги индекси» («Rule of Law Index») натижалари аҳоли ва экспертлар ўртасида ўтказилган сўров ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш бўйича давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш асосида шакллантирилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг