Ўзбекистон — Германия муносабатлари барча йўналишларда жадал ривожланиб бормоқда

14:22 06 Май 2023 Жамият
837 0

Ўзбекистон Германияни ўзининг ишончли ва стратегик ҳамкори сифатида қабул қилади. Мамлакатларимизни чуқур тарихий илдизлар боғлаб туради. Кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётир.

Буни икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги 5 йил ичида икки баравар ошганлигида кўриш мумкин. Биргина 2022 йил якунига кўра, икки томонлама савдо кўрсаткичлари яна 50 фоизга кўпайди ва биринчи марта 1 миллиард евродан ошди.

Сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясида ҳам изчил динамика кузатилмоқда. Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони бир неча йил ичида қарийб 3 баробар кўпайиб, 200 тадан ошди. 2017 йилдан бери ўзлаштирилган немис инвестицияларининг умумий миқдори 11 баробар ўсган ва бугунги кунда 4 миллиард евродан ортиқни ташкил этмоқда.

Германиянинг MAN, CLAAS, Knauf, GP Papenburg, Viessmann, Deutsche Kabel, LEMKEN каби кўплаб компаниялари Ўзбекистонда фаол ва муваффақиятли бизнес юритиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширмоқда.

Берлин шаҳрида 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи арафасида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Германия бизнес форум ҳам ушбу фикрларимизни яққол тасдиғидир.

Форумда Германия ишбилармон доираларининг эътибори мамлакатимизда хорижий инвесторларнинг қулай меҳнат қилиши учун яратилган шарт-шароитлар, Ўзбекистон иқтисодиётининг кучли томонларига қаратилди.

Энергетика, кимё, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, металлургия, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника, шунингдек, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳалари узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида таклиф этилди.

Германия бизнеси вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасини, жумладан, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун қулай меҳнат шароитлари яратилганини юқори баҳолади. Ҳамкорликни ошириш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қатъий ниятлари борлиги билдирилди.

Бизнес форум Ўзбекистон ва Германия вазирлик, идоралари, етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида «G2B» музокаралари ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари кесимидаги аниқ мисоллар ва лойиҳалар тақдимоти билан давом этди.

Муболағасиз айтиш мумкинки, форум якунлари бўйича қатор соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилгани шубҳасиз, икки томонлама муносабатларнинг янги босқичини бошлаб беради.

Ушбу ташриф якунлари бўйича эришилган келишувлар эса икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатлар кўламларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, Президентимизнинг ушбу мамлакатга ташрифи том маънода тарихий воқеа бўлди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон манфаати, халқимиз фаровонлиги учун мустаҳкам замин яратди. Шу жиҳатдан, ўзаро муносабатлардаги тарихий воқеа бўлган мазкур ташриф миллий манфаатларимизга уйғун равишда икки томонлама ҳамкорликни янги поғонага кўтаришига аминман.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер