Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш бўйича муҳим қадамларни қўймоқда — Спикер

18:19 10 Сентябр 2020 Сиёсат
1234 0

Парламент қуйи палатасида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда USAIDнинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда қонун ижодкорлиги сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги соҳасидаги қонунчилик, унда парламент аъзоларининг иштироки қандай бўлиш кераклиги ҳақида ҳам сўз юритилди.

«Қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти парламентнинг муҳим йўналишларидан саналади. Ушбу жараёнда депутатлар фаол ишлаши, ташаббус кўрсатиши мақсадга мувофиқ. Ҳар бир қонунда инсон манфаатларининг ҳуқуқий кафолатлари акс этиши халқ вакилларининг малака ва тажрибасига боғлиқ. Бугун қонунчилигимизда барча ҳаётий масалалар, хусусан, гендер тенглиги ва хотин-қизлар ҳуқуқлари таъминланмоқда. Хусусан, ўтган даврда хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини кафолатлаш, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 2019 йилда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг хуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ана шулардан биридир. Унга мувофиқ, давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлайди. Хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида , шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлайди» деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов.

Хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтириш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама иштирок этиши ҳамда қарор қабул қилишда етакчилик қилиши учун тенг имкониятларни таъминлаш устувор вазифалардан бўлиб, бунга зарур шарт-шароит яратиш мақсадга мувофиқ.

Шу нуқтаи назардан ҳам, гендер тенглик тамойилларини бошқарувнинг турли босқичларида давлат дастурларини қабул қилиш жараёнига тўла сингдириш каби чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер