Ўзбекистон — Европа иттифоқи: Манфаатли алоқаларнинг мустаҳкам асоси

08:45 24 Май 2018 Сиёсат
1820 0
Фото: sputniknews-uz.com

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Европа иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Кенгаши ишчи гуруҳи раҳбари Ютта Эдтхофер бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев меҳмонларга мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, Ўзбекистоннинг янги фаол ташқи сиёсати, мамлакат миллий манфаатларини халқаро ҳамжамиятда илгари суришда парламентнинг ролини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Мазкур ишчи гуруҳ Европа иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари билан икки томонлама ҳамда минтақалараро барча жабҳасини кўриб чиқишга масъул бўлган экспертлик органи ҳисобланади.

Делегация аъзолари мамлакатимизда парламент қуйи палатаси, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ташқи ишлар, Адлия, Ташқи савдо, Иқтисодиёт вазирликларида, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида музокаралар ўтказди.

— Ишчи гуруҳнинг мақсади Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни билан танишиш, сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда инвестиция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш ва Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича янги минтақавий сиёсат юзасидан фикр алмашишдир, — дейди ишчи гуруҳ раиси Ютта Эдтхофер. — Биз турли давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан мулоқот ўтказдик, Бухоро вилоятига бориб, маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан фикр алмашдик. Ҳозирги кунда Европа иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси ишлаб чиқилаяпти. Айни пайтда ушбу ҳужжатнинг лойиҳаси бўйича муҳокамалар бошлаб юборилган.

Учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг аниқ йўналишларини белгилаш бўйича батафсил фикр алмашилди. Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат мамлакатимиз тараққиёти учун янги истиқбол ҳамда имкониятлар эшигини очади.

ЕИ делегацияси Ўзбекистон Республикасидаги жадал ўзгаришларга, шунингдек, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш ва мамлакатнинг халқаро имиджини -мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларга юқори баҳо берди.

Қобил ХИДИРОВ.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер