«Ўзбекистон дунёга очилмоқда»

Россиянинг нуфузли “Коммерсантъ” газетасида чоп этилган мақола шундай номланди.
Мақола муаллифи Кирилл Кривошеев ўтган ҳафталарда Ўзбекистонда қатор муҳим воқеалар бўлганини қайд этди.
Хусусан, мамлакатимиз Олий Мажлиси Сенати томонидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Қонун маъқулланганини алоҳида кўрсатиб ўтган. Журналист мазкур Қонун Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилганини билдирган.
Яқинда Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича юқори даражадаги конференция мамлакатнинг янги имижини яратиш борасидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилади. Ўзбекистоннинг қўшни Афғонистон билан алоқалари сўнгги йилларда жадал ривожланаётгани айтилар экан, Кирилл Кривошеев мазкур анжуман республика учун бу йўналишдаги илк муваффақиятлардан бири бўлганини таъкидлайди.
Расмий Тошкент амал қилаётган янги ёндашувда Афғонистон таҳдидлар макони эмас, балки имкониятлар манбаи сифатида қаралмоқда, деб ёзади муаллиф. Ушбу давлат Марказий Осиё мамлакатлари учун қулай транзит ҳудуди сифатида хизмат қилиши мумкин. Ўзбекистон бу борада катта мақсадлар сари интилаётганини маълум қилиб, “Коммерсантъ” мухбири, жумладан, қўшни давлат билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича режаларни юқори баҳолайди.
Кейинги вақтларда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланиб, ушбу жараённинг “ҳаракатлантирувчи кучи” ўзбек дипломатияси амалга ошираётган жадал чора-тадбирлар эканлиги мақолада алоҳида ифодаланади.
“Хусусан, Тожикистон билан муносабатлар аста-секин тикланмоқда. Аввалига Шавкат Мирзиёев мамлакатлараро ҳаво қатновининг йўлга қўйилишига эришди, сўнгра давлат чегаралари бўйича баҳсли масалалар ҳал қилинди, кейин эса икки мамлакат -фуқаролари учун визаларни 30 кунгача бекор қилиш борасида келишувлар имзоланди”, дея хабар беради “Коммерсантъ” газетаси.
Бир пайтлар анча мураккаб аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон — Қирғизистон алоқалари ҳам “янги ўзан томон юзланди”. Бу ҳақда фикр юритар экан, журналист яқинда Фарғонада икки давлат чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилганини мамнуният ила қайд этади. Томонлар ушбу йўналишда улкан салоҳият мавжудлигини англаган ҳолда, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун шахдам қадамлар билан олға бормоқдалар.
“Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида шаклланган ўзаро ишончсизлик тоғи қуламоқда”, дея таърифлайди Кирилл Кривошеев ва Ўзбекистон ушбу жараёнда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини таъкидлайди.
Анвар МИРЗАЕВ
«Халқ сўзи» тайёрлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг