Ўзбекистон Болтиқбўйи мамлакатлари билан транспорт, транзит ҳамда логистика соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик кўламларини кенгайтиради
Ташриф давомида Латвия ва Литванинг алоқа, транспорт ва коммуникациялар вазирлари ўринбосарлари Улдис Рейманис ва Юлиус Скачкаускас, Латвиянинг энг йирик порт шаҳарларидан бири – Лиепая шаҳри мери Гунарс Ансинш, airBaltic вице-президенти Свентлана Абашкина, Рига халқаро аэропорти раҳбарияти, Латвия ва Литванинг йирик мультимодал терминаллари соҳиблари билан музокаралар ўтказилди.
Мамлакатимиз экспорт маҳсулотларини Скандинавия ва Ғарбий Европанинг катта бозорларига олиб чиқишда Вентспилс, Лиепая (Латвия), Клайпеда (Литва) шаҳарларининг бандаргоҳлари имкониятларидан фойдаланишни муҳокама қилиш мақсадида мазкур бандаргоҳлар билан танишилди.
Делегация, шунингдек, Ўзбекистон – Латвия транспорт ишчи гуруҳлари, ЮСАИДнинг Марказий Осиёда савдо дастури томонидан ташкил қилинган Марказий Осиё давлатлари транспорт тармоғининг Латвия ( 12-13 июнь) ва Литвадаги (15-16 июнь) бизнес миссияси, ТРАСEКА ҳукуматлараро комиссияси ишларида, Ригада бўлиб ўтган “Марказий Осиё ва Латвия ўртасидаги савдонинг янги имкониятлари” бизнес форумида иштирок этди.
Ташриф ва бўлиб ўтган музокаралар рухсатномалар алмашуви тартибини осонлаштиришни такомиллаштириш, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида интермодал ва мультимодал трансчегаравий ва транзит транспорти хизматларини ривожлантириш, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида етказиб бериш занжирлари салоҳиятини кенгайтириш, Европа Иттифоқи Болтиқ денгизининг мультимодал йўлаги орқали Марказий Осиё мамлакатларига, Ўзбекистон экспортини транспорт ва логистика билан таъминлашни яхшилаш, Ўзбекистон ва Латвия ўртасида ҳаво юкларининг интенсивлиги ва ҳажмини ошириш, давлатимиз раҳбарининг “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг сайёҳлик дарвозаси” ташаббуси доирасида ўсиб бораётган сайёҳлик оқимига хизмат кўрсатиш учун Европа йўналишидаги юкларни тўғри рўйхатга олиш, янги йўналишлар бўйича (Самарқанд-Рига-Самарқанд, Самарқанд-Вилнюс-Самарқанд) ҳаво қатновларини йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистоннинг тегишли идораларининг малакасини ошириш, шу жумладан, Ўзбекистондаги янги саноат иштирокчиларининг салоҳиятидан фойдаланиш, жорий йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Translogistika Uzbekistan – 2023 ишида юқори даражада иштирок этиш бўйича амалий келишувларга эришиш имконини берди.
Ташриф ва ўтказилган тадбирлар якунлари бўйича “Латвия Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида транспорт ишчи гуруҳларининг транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма коммюнике” ҳамда Транспорт бўйича Ўзбекистон-Латвия ишчи гуруҳи йиғилишининг баённомаси имзоланди.
Хусусан, Латвия томони Ўзбекистон Президентининг мамлакатимизнинг Ригадаги элчихонасида янги лавозим – транспорт масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарорини юқори баҳолади.
Қайд этиш жоизки, 2022 йилда Ўзбекистондан Европа йўналиши орқали ташилган юклар ҳажми 1,2 миллион тоннани ташкил қилди. Бу 2021 йилга нисбатан 15 фоизга кўпдир. 2023 йилда ушбу йўналишда юк ташиш ҳажми 20 фоизга ошиши кутилмоқда, бу эса Ўзбекистоннинг Европанинг барча давлатлари билан ташқи савдо ҳамкорлигини янада ривожлантиришга талабнинг мавжуд эканлигидан далолат беради.
Транспорт вазирларининг ўринбосарлари даражасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Латвия ва Ўзбекистон-Литва музокаралари чоғида давлатларимиз транспорт идоралари ўртасидаги алоқаларнинг жадвали, кун тартиби ва даражаси юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг