Ўзбекистон Афғонистонга 169 тоннадан ортиқ навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди
Фото: "Халқ сўзи"
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Президентининг топшириғига асосан, афғон халқига 169,4 тонна зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган навбатдаги инсонпарварлик юклари карвони «Айритом» чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилишича, инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 80 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари, 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган лапша ўрин олган.
Шу муносабат билан Ҳайратон шаҳридаги «Astras» компанияси ҳудудида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамраев ва Афғонистоннинг Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ҳамда икки томон расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.
— Биродар ўзбек халқи афғон диёрида ҳамиша тинчлик ва осойишталик ҳукм суришини истаб келган. Бу ўлка халқига ҳамиша ёрдам қўлини чўзиб, беғараз кўмак бериб келяпти. Биз бундай дўстлик муносабатларини қадрлаймиз ва халқимиз номидан ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, — дейди Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг