«Ўзбекистон Афғонистондаги "Толибон" режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги» ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид – Ўзбекистон ТИВ
Бугун айрим ахборот агентликларининг ижтимоий тармоқларидаги каналлари ва интернет сайтларида «Ўзбекистон Афғонистондаги "Толибон" режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги» ҳақидаги маълумотлар тарқалди.
Ушбу хабарларга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати томонидан муносабат билдирилди.
«Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳозирда Ўзбекистон — Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилган ва Термиз назорат-ўтказиш пункти орқали қуруқликдан ўтиш амалга оширилмаяпти.
Яқин келажакда Ўзбекистон — Афғонистон чегарасида Термиз назорат-ўтказиш пунктини очиш режалаштирилмаган.
Чегарани кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишлар, сабабларидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ қайтарилади.
Ўтган 12 кун ичида Ўзбекистон бир қатор давлатларга Ўзбекистонга келган ва Ўзбекистонни фақат ҳаво йўли билан тарк этган Афғонистондан ўз фуқароларини эвакуация қилиш бўйича гуманитар операцияларни амалга оширишда ёрдам кўрсатди.
Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида афғон қочқинларини қабул қилмаслигини, транзитда ёрдам беришини, бу уларнинг мамлакатда қатъий чекланган вақтини назарда тутишини яна бир бор таъкидлайди.
Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларини сақлашга қатъий содиқдир», дейилади Ўзбекистон ТИВ муносабатида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг