Ўзбек ва қирғиз халқлари: дўстлик кўприги мустаҳкамлигининг яна бир амалий ифодаси
Наманган вилояти марказидан 60 километр олисда жойлашган Ҳазратишо қишлоғи. Ушбу қишлоқ Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудуд бўлиб, асосан қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади.
Куни кеча Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов Наманган вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини ўрганиш доирасида мазкур ҳудуд аҳолиси билан ҳам учрашди.
Сенатор учрашув чоғида электр энергияси, газ ва ичимлик суви таъминоти масалаларига эътибор қаратди, қолаверса, аҳоли муаммоларини ҳам ўрганиб, аксариятини ҳал этди.
Шу билан бирга, Ҳазратишо қишлоғида яшовчи А.Атақўзиев оиласи ҳолидан хабар олди. Унинг ўғли Ҳ.Анарбеков II гуруҳ ногирони. Саломатлигида нуқсони бўлса-да, ҳаётда олам-олам мақсади бор. Уларга эришишда эса умидни сўндирмаслик муҳим ўрин тутади, албатта. Сенатор Ҳусанбой билан суҳбатлашар экан, болакайнинг орзулари, мақсадларига қулоқ тутди. Унга умид бағишлади.

Сенат аъзоси Н.Абдуллаханов Ҳусанбойга ногиронлик аравачасини ҳадя қилиб, саломатлигини тиклаш мақсадида вилоятдаги марказий шифохонада ёки пойтахтимиздаги етакчи клиникаларда даволанишида ёрдам беришини билдирди.
Дарҳақиқат, бу каби хайрли ишлар халқимизга хос саховат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликнинг ёрқин кўриниши. Қолаверса, азалдан бир дарёнинг икки қирғоғида яқин қўшни сифатида яшаб келган ўзбек ва қирғиз халқларининг дўстлик кўприги мустаҳкамлигининг яна бир амалий ифодасидир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг