Ўзбек ва ҳинд тадбиркорларининг учрашуви

03:39 19 Март 2022 Жамият
1014 0

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан “Бихар: амалий учрашув” мавзуида тадбир ташкил этилди. Унда ўзбекистонлик ва ҳиндистонлик тадбиркорлар, дипломатлар иштирок этди.

Учрашув Ҳиндистоннинг йирик штатларидан бири, маърифат маркази деб юритиладиган Бихар куни муносабати билан ўтказилди. Бихар штати ҳар йили 22 мартни ўзининг ташкил этилган санаси сифатида нишонлайди. Чунки 1912 йилнинг айни кунида Бихар замонавий маъмурий бирлигига асос солинган. Аммо Бихар 2500 йилдан кўпроқ тарихга эга.

Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчиси Маниш Прабхатнинг айтишича, V асрдан XII асргача бўлган даврни қамраб олган ўрта асрларда Бихар маориф маркази сифатида эътироф этилган. Бу ерда машҳур Наланд Университети жойлашган эди. Бобурийлар ҳокимият тепасида бўлган кезларда Бихар Агра ва Деҳлидан бошқарилган сулоланинг бир қисмига айланди. Британия мустамлакачилик бошқаруви пайтида Бихар Бенгалия президентлиги таркибига киритилди.

1917 йилда Бихарнинг Чампаран деб номланган жойида Махатма Ганди Британия бошқаруви ва унинг адолатсизлигига қарши тинч норозилик чиқишларини, дастлабки нутқларини ирод этган. Мустақил Ҳиндистоннинг биринчи президенти Ражендра Прасад ҳам асли Бихардан.

Бугунги кунда штат 128 миллионли аҳолига эга бўлиб, меҳнатга лаёқатлиларнинг 80 фоизга яқини қишлоқ хўжалигида банд. Бихар ҳукумати штатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш учун қатор мақсадли сиёсий чораларни кўрмоқда, саноатни ривожлантириш ва экспортни ошириш учун инвестициялар қидирмоқда. Бихар сабзавотлар етиштириш бўйича Ҳинлдистонда тўртинчи ва мева маҳсулотлари етиштириш бўйича саккизинчи штат саналади. Штат юқори қишлоқ хўжалигига асосланган ҳудудгина эмас. Озиқ-овқат саноати, сут маҳсулотлари, шакар, қайта ишлаш саноати ва соғлиқни сақлаш штатдаги энг тез ўсаётган тармоқлардан бири. Давлат таълим ва туризм каби тармоқларни ҳам ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари сурмоқда. Бихар штати ҳукумати ахборот технологиялари ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш мақсадида имтиёзларни илгари сураяпти. Бихар Ҳиндистонда ипак ишлаб чиқаришнинг етакчи марказларидан бири ҳамдир.

Ўтказилган тадбирда Ҳиндистоннинг шу ва бошқа штатлари ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасидаги манфаатли ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ҳақида сўз борди. Икки мамлакат тадбиркорлари савдо, сармоялар, туризм ва маданият соҳаларида ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилдилар. Зеро, мамлакатимизда истиқомат қилаётган 400 нафардан зиёд ҳиндлар диаспораси ўз сармоялари билан иқтисодиётимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори Чандра Шекхар амалий учрашувда қайд этганидек, икки мамлакат халқлари ўртасида асрлар давомида шаклланган ва умумий тарих, маданият, муштарак урф-одат ва қадриятларга асосланган стратегик шериклик алоқаси сўнгги даврда мисли кўрилмаган даражада фаоллашиб бораётир. Ҳинд маданият маркази бу алоқаларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шу йилнинг 20 март куни марказда Наврўз ва Ҳоли байрамини нишонлаш кўзда тутилган. Бу ҳам халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер