Ўзбек-қорақалпоқнинг

00:59 07 Июль 2022 Жамият
711 0

Архив сурат

Нияти пок, қордек оқ,
Ажралмас эту тирноқ,
Эртаси ёруғ, порлоқ,
Ўзбек-қорақалпоқнинг.

Ёв қўпса мушт, хуни бир,
Шодлик, мотам куни бир,
Сув ичар Жайхуни бир,
Ўзбек-қорақалпоқнинг.

Сўзлашса, дард, сири бор,
Дашту дала, қири бор,
Ибройим шоири бор,
Ўзбек-қорақалпоқнинг.

Навоийни ёд билар,
Бердақни устод билар,
Бошин бир офтоб силар,
Ўзбек-қорақалпоқнинг

Бирдир достон, эртаги,
Оппоқ орзу, тилаги,
Юрт, деб урар юраги,
Ўзбек-қорақалпоқнинг.

Бирдир туркий навоси,
Асрларнинг садоси,
Битта ер, сув, ҳавоси,
Ўзбек-қорақалпоқнинг.

Эгилмасин қомати,
Кулсин бахт-саодати,
Оғзибирлик одати,
Ўзбек-қорақалпоқнинг.

Ўчмас меҳр чироғи,
Қайнар кўнгил булоғи,
Яшнамоқда Мўйноғи,
Ўзбек-қорақалпоқнинг.

Бовурим у, иним у,
Қариндош, яқиним у,
Дўстлиги бўлсин мангу,
Ўзбек-қорақалпоқнинг.

Жаҳонгир ШАРОФБОЕВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер