Ўзбек олимининг китоби Европада инглиз тилида чоп этилди
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон миллий университети профессори, сиёсий фанлар доктори Бахтиёр Омоновнинг “Жамиятни модернизациялашнинг концептуал асослари (Ғарб ва Шарқ ислоҳотлари қиёсий таҳлили)” номли монографияси “Conceptual foundations of the modernization of the society. Comparative analysis of the countries of the West and the East” номи остида инглиз тилида Польшанинг “IScience” нашриётида 2021 йилнинг декабрида (ҳажми 164 бет, нусхаси 1000 дона) босмадан чиқди. Шуни таъкидлаш лозимки, олимнинг ушбу китоби 2021 йилнинг баҳорида рус тилида “Lambert Academic Publishing” нашриётида нашр этилган этилиб, Америка ва Европа китоб бозорига хизмат қилувчи https:// www.amazon.com платформасига сотувга қўйилган эди.
Монографияда Ғарб ва Шарқ мамлакатларининг сиёсий тизимни янгилаш, замонавий жамият қуришга оид сиёсий модернизация жараёнлари тадрижий ва методологик ўрганилган. Хусусан, Германия, Буюк Британия, Франция, Нидерландия, Италия, Испания, Туркия, Ҳиндистон, Россия, Хитой, Япония, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Жанубий Корея сингари давлатларнинг бу борада тўплаган назарий ва амалий тажрибаси қиёсий-сиёсий тадқиқ этилади. Постсовет республикалари, жумладан, Ўзбекистонда жамиятни модернизациялаш, янгиланиш жараёнлари ўнлаб қиёсий жадваллар орқали кўрсатиб берилади.
Анъанавий жамиятдан замонавий жамиятга ўтишнинг назарий-методологик асослари: тушунчаси, мазмун-моҳияти, зарурияти, инқирозлари, тенденциялари; сиёсий модернизациянинг генезиси, таркибий тузилма-лари, тамойиллари, мезонлари, модерни-зация концепциялари, моделлари таҳлил қилинади; Европада сиёсий, Жануби-шарқий Осиёда “иқтисодий мўъжиза” омиллари, постсовет республикаларида демократик қадрият-лар шакллани-ши мураккаб йўли; Ўзбекистонда сиёсий модернизациялашнинг бугунги аҳволи изчилликда тизимли ёритилади.
Шу билан бирга, жаҳондаги кучли сиёсий лидерлар: генерал Шарль де Голль (Франция), генерал, пошо Мустафа Камол Отатурк (Туркия), Людвиг Эрхард (Германия), Мохандас Ганди (Ҳиндистон), Дэн Сяопин (Хитой), Ли Куан Ю (Сингапур), Муҳаммад Мохандир (Малайзия)ларнинг чуқур сиёсий ислоҳотлари, совет модернизацияси инқирози сабаблари ва оқибатлари, собиқ иттифоқ лидерларининг халқ сиёсий онги ва даражаси билан ҳисоблашмай амалга оширган ислоҳотларидаги ютуқлар ва хатоликлар ҳам ёритилади.
Ўзбек сиёсатшунос олимининг ўта долзарб мавзуга бағишланган мазкур китобининг инглиз тилида чоп этилиши, турган гапки, янги Ўзбекистон илм-фани ютуқларининг дунё миқёсида тарғиб этилишига катта хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг