Ўзбек ижодкорларининг анимацион фильми Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган халқаро кинофестивалда намойиш этилади
Иллюстратив фото
Ўзбек киноижодкорлари томонидан яратилган “Хасис баққол” анимацион фильми Х Колката халқаро болалар кинофестивалида намойиш этилади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 25-29 январь кунлари Ҳиндистоннинг Колката шаҳрида анъанавий халқаро болалар кинофестивали ўтказилади. Унда турли мамлакатларда болалар учун суратга олинган фильмлар ёш томошабинлар эътиборига ҳавола қилинади.
Ўзбекистон томонидан халқаро кинофестиваль дастурига Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Astir” анимация студияси тарафидан яратилган “Хасис баққол” фильми тақдим этилди.
Мазкур фильм Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” достонида келтирилган ҳикоя асосида суратга олинган. Ижодкорлар гуруҳи ёш кинотомошабинларни буюк бобокалонимиз ижоди билан янада яқиндан таништиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мультфильмда хасислик, очкўзлик сингари иллатлар қораланган, аксинча меҳр-оқибат, бағрикенглик сингари инсоний фазилатлар улуғланган.
Фильм ижодкорлари қаҳрамонлар шакл-шамойилини шарқ миниатюра санъати, хусусан, Камолиддин Беҳзод ижод намуналари асосида яратган. Мультфильм премьераси 2022 йил Алишер Навоий таваллуд топган кун санасида бўлиб ўтган ҳамда кенг жамоатчилик, айниқса, ёш томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг