Ўзбек дипломатлари Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлигида учрашув ўтказди

14:11 15 Январь 2024 Жамият
801 0

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлигида музокаралар ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хорижий давлатлар ишбилармон доиралари вакиллари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик лойиҳалари, инвестициявий фаолият учун яратилган қулай муҳит, тақдим этилаётган имтиёзлар ва преференциялар, республикамиз саноат ва экспорт салоҳияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Ўзбекистон фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда Ҳиндистон технологиялари, инновацион ечимлари, сармоялари, билим ва кўникмаларини жалб қилишдан манфаатдорлиги таъкидланди, ушбу йўналишдаги муносабатларни янада фаоллаштириш истиқболлари урғуланди.

Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Маниш Чадҳа ўзаро савдо айланмаси ҳажми йилдан йилга ўсаётганига қарамасдан, ҳали фойдаланилмаган салоҳият улканлигини қайд этди. Шу боис Деҳли икки мамлакат ўртасидаги товарлар ҳаракатини жонлантириш, жумладан, Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавотлар ва қуритилган мевалар, ишлаб чиқариладиган минерал ўғитлар, ипак, чарм-пойабзал ва бошқа саноат маҳсулотларини ҳинд бозорига изчил кириб келиши бўйича чора-тадбирлар кўраётганини маълум қилди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон-Ҳиндистон Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер