“Ўзбегим аёли” эътироф этилмоқда
Фото: Ҳакимжон Йўлдошев/“Халқ сўзи“.
“Халқ сўзи ONLINE”/Юлдуз Ўрмонова. Мамлакатимизнинг бугунги ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ва маънавий ҳаётида ўзининг илғор ғоялари, ташаббускорлиги билан фаоллик кўрсатаётган фидойи аёлларимизга эҳтиром билдириш, меҳнатини муносиб қадрлаш мақсадида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида “Миллий” телеканали “Ўзбегим аёли” Миллий мукофоти тақдирлаш маросимини ўтказмоқда.
Ушбу мукофотга номзодлар тегишли ташкилотлар, вазирликлар ва қўмиталар тавсиялари ҳамда MTV мухлислари томонидан номзодлар учун берилган овозлар асосида аниқланган.
“Oʻzbegim ayoli” дастури давомида лауреатларга жамият ривожланишига қўшган ҳиссаси, эришган ютуқлари билан боғлиқ қатор номинациялар доирасида мукофот ва сертификатларни тантанали топшириш маросими ҳамда эстрада юлдузлари, таниқли санъаткорлар иштирокида гала-концерт ўтказилиши режалаштирилган.
Тадбир аввалида театр олдидаги очиқ майдонда “Сулола бэнд” гуруҳи томонидан жонли ижро ҳамда иллюзионистлар чиқишларидан иборат шоу ташкил этилди.
Айни пайтда тақдимот маросими давом этмоқда. Уни соат 21 га қадар “Миллий” телеканали орқали тўғридан-тўғри кузатишингиз мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг