Озарбайжон касаба уюшмалари делегацияси Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан учрашди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиев раҳбарлигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов икки мамлакат раҳбарларининг олий даражадаги мунтазам ўзаро ташрифлари, мулоқотлари натижасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани, бунинг натижасида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро дўстона ҳамкорлик икки давлат тараққиётини таъминлаш ва халқларимиз фаровонлигини оширишга салмоқли ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси нафақат мамлакат миқёсида, балки Халқаро касаба уюшмалари ҳаракатида ҳам алоҳида ўринга ва нуфузга эга. Икки мамлакат касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш каби йўналишларда давлат ҳамда иш берувчилар билан ижтимоий ҳамкорликда тизимли ишларни олиб бормоқда.
Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари қарори асосида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилгани ҳам қайд этиб ўтилди.
Ўз навбатида, Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиев ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболларига тўхталди. Соҳада ўзаро тажриба алмашиш борасидаги фикрларини баён этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Унда томонлар ўзаро тенглик ва ҳурмат принциплари асосида касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш борасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида қайд этдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг қарорига асосан, икки қардош халқлар касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиев “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” унвони билан тақдирланди.
Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор масканларига ҳам ташриф буюрди. Хусусан, Миробод туманидаги Ҳайдар Алиев монументи пойига гулчамбар қўйилди ҳамда “Янги Ўзбекистон боғи” мажмуаси билан танишилди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси фаолияти билан танишди. Бу ерда Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиевга Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг фахрий профессори унвони берилди.
Озарбайжонлик меҳмонлар шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари саройини бориб кўрди. Танишув жараёнида улар ўзбек санъатининг асосчилари ва намоёндалари, уларнинг ҳаёти ҳамда ижоди тўғрисида қизиқарли маълумотлар билан таништирилди.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг