Ўзаро манфаатли ҳамкорлик

19:04 10 Июль 2024 Жамият
380 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Франция тараққиёт агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси директори Винсент Капен раҳбарлигидаги делегация вакиллари Қорақалпоғистонга ташриф буюрди. Делегация вакиллари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов қабулида бўлишди.

Учрашувда Франция тараққиёт агентлиги ва Европа инвестиция банки иштирокида амалга оширилиши кутилаётган Қўшма дастур доирасидаги лойиҳалар бўйича фикр алмашилди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида бўлиб, «Суенли» магистраль каналини модернизация қилиш» лойиҳаси бўйича тайёрланаётган дастлабки техник-иқтисодий асосининг тақдимоти ўтказилди.

— Тақдимотда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш юзасидан икки тарафнинг таклифлари билдирилди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Тажетдин Мадиреймов. — Ўтган йиллар давомида ҳудудга келган сув миқдорлари ва фермер хўжаликлари даласигача сув йўқотишларнинг ҳисоби бўйича маълумот берилди. Ҳозирги кунда каналга келиб турган сувнинг атиги 45 фоизи далага етиб бораётган бўлса, «Суенли» каналини бетонлаш натижасида сувнинг 90 фоиздан ортиқ миқдори далагача етиб бориши бўйича фикрлар тингланди.

Тадбирда сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, канал бўйида инфратузилмани яхшилаш борасида эришиладиган натижалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, каналлар бетонлангач иқтисод бўлган сув ресурсларини табиий кўлларга йўналтириш орқали экотизимни яхшилашга қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Франция тараққиёт агентлиги вакиллари Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар вакиллари билан учрашиб Қўшма дастур лойиҳалари бўйича амалга ошириладиган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер