Ўзаро ишонч ва бозор тамойиллари асосида
Фото: Халқ сўзи
Юртимиз тадбиркорлари ва Қозоғистон Республикаси компаниялари ҳамкорлигида турли соҳаларда қўшма лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Биргина Бухоро вилоятида айни пайтда қўшни давлат инвесторлари иштирокида 7 та корхона фаолият юритяпти.Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Gala – River” қўшма корхонаси уларнинг энг тўнғичи саналади.
— 2005 йилнинг 19 июлидан иш фаолиятимизни бошлаганмиз, — дейди қўшма корхона директори Ғолиб Раҳматов. — Ўшанда 4 минг 104 тонна узум қайта ишланиб, 684 тонна шинни тайёрланган. Иш ўринлари сони эса 22 тани ташкил этган. Қозоғистонлик инвесторлар билан ҳамкорлигимиз йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Буни ўзаро ишонч, бозор тамойиллари асосида ишлаш маҳсули, дейиш мумкин.
Ортда қолган йиллар корхона учун қад ростлаш палласи вазифасини ўтади. Хусусан, 2018 йилда унинг фаолиятида туб бурилиш юз берди. Молиявий муассасанинг кредит маблағлари эвазига модернизация тадбирлари ўтказилди. Италиянинг “Della Toffola” ва “Farck” компанияларидан узумни қайта ишлаш ва тозаланган узум шиннисини пиширишга мўлжалланган замонавий қурилмалар харид қилинди. Натижада жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган юқори сифатли узум шинниси тайёрлаш имконияти юзага келди. Табиийки, қўшма корхонанинг экспорт салоҳияти ҳам ошди. Агар 2017 йилда 1 126 600 АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсатгич 2 031 700 АҚШ долларини ташкил этди. Айни дамда қўшма корхонада мавсумий ишловчиларни ҳисобга олмаганда 60 та доимий иш ўрни мавжуд.
Юқоридагилардан кўринадики, “Gala – River” икки давлат тадбиркорлари иштирокида амалга оширилган муваффақиятли лойиҳалардан биридир. Умуман олганда, Қозоғистон Республикаси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган 10 та давлатнинг бири саналади.
Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг ўтган ўн ойи мобайнида Бухоро вилояти ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 97,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан уч бараварга ўсди. Жорий йил охирига қадар ташқи савдо айланмаси миқдорини 130 миллион АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг