Озарбайжон билан ҳамкорликда фильмлар яратилиши мумкин

15:35 23 Ноябрь 2019 Маданият
1503 0

Хабарингиз бор, шу кунларда Озарбойжонда “Ўзбек киноси кунлари” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Куни кеча Озарбайжоннинг Низомий номидаги кино марказида ҳафталикка бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Озарбойжон Маданият ва туризм вазирлиги Кинемотография бўлимининг катта маслаҳатчиси Алмаз Султонзода, Ўзбекистон Маданият агентлиги бош директорининг ўринбосари, Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева, сценарийнавис Роза Меркинбаева ва бошқалар иштирок этишди. 

Алмаз Султонзоданинг айтишича, Озарбайжонда иккинчи бор “Ўзбек кино ҳафталиги“ ўтказилмоқда. “2010 йилда Ўзбекистонда ўзбек фильмлари ҳафталиги бўлиб ўтди. Кейин ўзбекистонлик ижодкор дўстларимиз бизнинг юртимизга келишди. Бу йил биз ушбу анъанани қайта тикладик ва Ўзбекистонда иккинчи “Озарбайжон фильмлари ҳафталиги”ни ташкил этдик. Шу ишларнинг давоми ўлароқ бугун Озарбайжонда “Ўзбек киноси ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда. А.Султонзоданинг сўзларига кўра, ҳафталик доирасида фильмлар Шеки, Габала ва Исмайилли шаҳарларида намойиш этилади ва озарбайжонлик томошабинлар янги ўзбек фильмлари билан танишишлари мумкин. 

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директорининг ўринбосари Шуҳрат Ризаев Ўзбекистонда Озарбайжон адабиёти ва маданиятига катта қизиқиш билдирилишини таъкидлаб, “Бизда деярли ҳар ойда Озарбайжон фильмлари намойиш қилинади. Уларнинг ичида “Аҳмад қаерда?”, “Қайнона” кинолари жуда севимли. Рашид Беҳбудов бош ролни ўйнаган “Аршин Мал Алан”ни-ку жуда яхши кўришади. Келгусида муносабатларимизни ривожлантириш ва ҳамкорликда фильмлар яратиш ҳақида ўйлаяпмиз. Эртага бу борада яна учрашувларимиз бўлиб ўтади”, – дея таъкидлади Шуҳрат Ризаев матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳафталик 24 ноябрга қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер