ОТМларнинг хорижда ўқиш бўйича стипендиялар танловида фаол иштирок этмаётганлиги танқид қилинди
Яқинда Таълим инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамкорлигида миллий олий таълим муассасаларини халқаро нуфузли рейтингларга киришга тайёрлаш, хорижда ёшларни малакасини ошириши, стажировкаси, докторантура ва магистратурада мақсадли ўқитиш ва интеграция жараёнлари муҳокамасига бағишланган видеосеминар ташкил этилди.
Маълумки, Президентимиз томонидан Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида иқтидорли ва истиқболли ёшлар учун бениҳоя улкан имконият, яъни 2021 йилдан бошлаб «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали магистратура ва докторантура дастурлари асосида энг нуфузли хорижий давлатларда таҳсил олиш учун стипендиялар миқдорини 5 баробарга ошириш таклифи илгари сурилган эди.
Семинарда айни кунларда жамғарма томонидан математика, кимё, биология ва геология йўналишлари бўйича ўтказилаётган биринчи стипендия дастурларида олий таълим соҳаси вакилларининг иштироки натижалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
«Эл-юрт умиди» жамғармаси директори ўринбосари Жавоҳир Аҳмедовнинг маълум қилишича, жамғарма томонидан эълон қилинган стипендиялар танловидаги 250 та ўриндан 60 таси (8 та докторантура, 8 та магистратура, 25 та стажировка ва 19 та малака ошириш) айнан олий таълим олий таълим тизимидаги ходимларнинг хорижнинг нуфузли олий таълим муассасалари ва марказларида таълим олишлари, малака оширишлари ва илмий-тадқиқот ўтказишлари учун ажратилган бўлиб, 3 февраль ҳолатига кўра стипендия дастурларига 116 нафар номзод ҳужжат топширган, аммо улардан атиги 20 нафари (17.2%)нинг ҳужжати тўлиқ юклаган.
Ушбу кўрсаткичлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Тошкент шаҳридан 42 та, Фарғона вилоятидан 17 та ҳужжат келиб тушган бўлса, қолган вилоятлардан 5 тагача, Қорақалпоғистон Республикасидан 1 та ҳужжат келиб тушган ҳамда Сирдарё вилоятидан умуман ҳужжат келиб тушмаган .
Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев мазкур масалага тўхталар экан, ёш олимлардан, илмий изланувчилардан Президентимиз томонидан яратиб берилаётган ушбу имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди.
— Мамлакатимизда замонавий ва креатив фикрлайдиган, мамлакат илм-фанига инновацион ғоялар ва технологиялар олиб киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ёшлар минглаб топилади.
Бу каби танловларга ёшларни қизиқтириш, устоз шогирд анъанасини қўллаган ҳолда, уларни юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, илм-фан соҳаси учун долзарб бўлган мавзуларни, нуфузли хорижий илмий марказларни танлашда амалий ёрдам кўрсатиш жуда муҳим.
Ҳужжатлар 20 февралга қадар қабул қилинади. Вақт жуда оз қолди. Шундай экан, вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, илмий марказлар раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчилардан бу борада фаоллик кўрсатиб, ёшларни қўллаб-қувватлашлари ва йўл-йўриқлар беришларини сўраймиз, — деди Таълим инспекцияси бошлиғи.
Семинар давомида иштирокчиларни танлов шартлари бўйича қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан зудлик билан зарур чора-тадбирлар кўрилишига келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг