Ўтган йилларда неча нафар судья ишдан бўшатилди?
Иллюстратив фото
Маълумки, сўнгги икки йилда мамлакатимизда судларнинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, соҳа вакилларини холис ва шаффоф фаолият юритишлари учун барча шароитлар яратиб бериляпти. Ушбу амалий саъй-ҳаракатлар ҳаётда қандай ифодасини топмоқда, самаралари қай даражада? Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Убайдулла МИНГБОЕВ шулар ҳақида сўзлаб берди.
—Сиз, аввало, катта ҳаётий, суд тизими соҳасида кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган инсон сифатида дастлаб адолат тушунчаси ҳақида фикрларингизни айтиб берсангиз.
— Адолат шунчалик айтиладиган оддий сўз эмас. Бу жуда катта маънога эга бўлган улуғ тушунча. Қадим-қадимдан халқимиз ушбу ғояга ҳаётнинг бош маъноси сифатида қараб, ҳаётнинг таянч нуқтаси деб билишган. Боболаримиз адолат тушунчасини ҳалоллик, инсонпарварлик, уят, ор-номус тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ деб билган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг деярли барча маърузаларида энг кўп такрорланадиган сўз ҳам айнан мана шу адолат ва ҳақиқат сўзлари, шу улуғ тушунча бўлиб ҳисобланади.
—Давлатимиз раҳбари адолатни қарор топтириш ҳақида гапирганида, албатта, унга қодир бўлган одил судлов тизимини шакллантириш масаласига жиддий эътибор қаратади.
— Албатта. Қисқа муддатда замонавий концепцияга асосланган янги ягона суд тизими яратилди.
Одил судловга эришишнинг энг муҳим омилларидан бири, судьялар корпусини ҳар томонлама муносиб, етарлича билим ва тажрибага эга, мустақил қарор қабул қилиш салоҳияти бор бўлган шу билан биргаликда юксак маънавиятли судьялар билан шакллантириш бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистонда биринчи марта суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган, суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.
Натижада судьяларни танлаш ва тайинлаш учун шаффоф, адолатли ва мустақил тартиб ўрнатилди. Бугунги кунда Кенгаш томонидан судьяларни танлаш ва тайинлаш очиқ-ошкора, адолатли тарзда амалга оширилмоқда.
2017 йилда судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасига киритиш учун жами 412 нафар шахснинг аризаси келиб тушган бўлса, шундан 241 нафари захирага олинган, 110 нафари захирага олишга номуносиб деб топилган, 171 таси эса захирага олинишдан рад этилган.
2018 йилда эса, жами 734 та шахсдан ариза келиб тушган бўлса, шундан 445 нафари захирага олинган, 128 нафари номуносиб топилган, 289 нафари захирага олинишга рад этилган.
Шунга жиддий эътибор қаратиш керакки, ушбу жараёнда захирага олиш ҳам уни захирага олишни рад этиш ҳам, ёки номуносиб топиш ҳам шунчаки амалга оширилмайди. Ҳар бир шахснинг тақдим қилинган ҳужжатлари синчиклаб ўрганилади ва шундан кейин коллегиал асосда қарор қабул қилинади.
Шу ўринда аҳамият қаратиш керакки, Кенгашда суҳбатдан ўта олмаган номзодларнинг нафақат моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини етарли даражада билмасликлари, балки биз ҳали етарли даражада малака ҳайъатлари билан ҳамкорликда масъулият билан ишлашни тўла йўлга қўймаганлигимиз сабаб бўляпти шекилли.
Қайд этиш керакки, судьялар малака ҳайъатлари томонидан ўтказилаётган семинар ва давра суҳбатларида савол-жавоблар қилиниб, номзодларнинг қанчалик тушунчага эга бўлганликларига эътибор қилинмаганлигида ҳам Кенгашнинг масъулиятини янада кучайтириш керак бўлади.
Ваҳоланки, “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомнинг 28-моддасида малака ҳайъатлари судьялик лавозимларига тайинланадиган номзодларнинг тайёргарлигини доимий асосда мониторинг қилиши, улар билан семинар ва бошқа тадбирларни самарали ўтказиб бориши лозимлиги белгиланган.
2018 йил 25 декабрь ҳолатига кўра илк бор судьялик лавозими захирасида турган номзодлар 795 тани ташкил қилган бўлса, шундан биринчи беш йиллик муддатга муносиб деб топилганлар сони 190, 128 нафари судьяликка нолойиқ деб топилган. Нолойиқ топилган номзодларнинг 55 нафари жиноят ишлари бўйича, 41 нафари фуқаролик ишлари бўйича, 24 нафари иқтисодий судлар, 2 нафари ҳарбий судлар ва бир нафари маъмурий судларга тўғри келади.
Судьялик лавозимида бўлиш даврининг халқаро тан олинган муддатлари белгиланди. 2017 йил 12 апрелда Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга асосан судьялик лавозимига биринчи марта беш йиллик муддатга, кейин ўн йиллик муддатга, сўнг судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига тайинланиш ёки сайланиш амалиёти жорий этилди.
Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича жами ишлаб турган 1038 нафар судьянинг 564 нафари, яъни ярмидан кўпи биринчи марта судьялик лавозимига тайинланганларни ташкил этади. Шу ўринда шуни айтмоқчиманки, биз келгусида 10 йил ва муддатсизга ўтган судьялар сонини кўпайтиришга эришмоғимиз лозим бўлади.
— Тўғрисини айтиш керак, суд тизимида баъзи бир жиддий муаммоларнинг борлиги ҳам ҳақиқат. Баъзи бир инстанция судлари қарорлари бекор бўлаётганлиги ёки процессуал қонун моддалари нотўғри квалификация қилинаётганлиги, энг ёмони баъзи бир судьялар лавозимини суиистеъмол қилаётган ҳолатлари учраб турибди. Бу одамларимизнинг суд ҳокимиятига нисбатан ишончи пасайишига сабаб бўлмоқда. Тажрибали мутахассис сифатида ушбу муаммолар, энг муҳими, унинг ечими билан боғлиқ фикрларингизни билдириб ўтсангиз.
— Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, ҳамма судьяларимиз ёки тизимдаги ходимлар тўлиқ оқлай олмаяпмиз. Судьяларимиз орасида ҳам ўзининг ўта масъулиятли касбига нисбатан масъулиятсизлик билан ёндашаётган ҳамкасбларимиз борлиги аччиқ ҳақиқат.
Судьялар олий кенгаши томонидан 2017 йилда жами 54 нафар судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатилган бўлса, 2018 йилда 136 нафар судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатилган. Қўзғатилган интизомий ишларнинг 93 таси фуқаролик ишлари бўйича, 49 таси жиноят ишлари бўйича, 16 таси иқтисодий ва 32 таси эса маъмурий суд судьяларига тўғри келади. 2017-2018 йиллар давомида 115 нафар судьяга ҳайфсан, 24 нафар судьяга жарима, 36 нафар судьяга огоҳлантириш берилган, 30 нафар судья муддатидан олдин лавозимидан озод этилган.
Мана шу жазо олаётган судьларнинг ўзлари биринчи навбатда мен кимгадир жазо тайинлашга маънавий ҳаққим борми ёки йўқми, энг муҳими судьядек нуфузли касб эгаси бўлишига лойиқманми ёки нолойиқманми деб ўйлаши ва ўзига шу саволни бериши керак деб биламан.
Бугунги кунда суд ҳокимияти олдига қўйилаётган муҳим вазифаларни тушунтириш, шунингдек, юқоридаги салбий ҳолатларни бартараф қилиш нуқтаи-назаридан Судьялар олий кенгаши судьялик лавозимига захирада турган номзодлар ва уларнинг оила аъзолари билан “Судьялик касб-эмас у ҳаёт тарзидир” мавзусида суҳбат олиб борилди; Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳар судларига бевосита чиқиб, юзма-юз гаплашилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг барча судьялари, ходимлари ва уларнинг ота-оналари ҳамда турмуш ўртоқлари билан видеоселектор орқали суҳбат ўтказилди.
Айниқса, 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти судларининг барча туман судларига ишдан кейин бориб, судьялар ва ходимлар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилди ва унда юқоридаги гаплар такрорланиб, муомала масаласи, процессуал ва моддий қонунлар талабига риоя этиш масаласи яна бир бор эслатилиб, интизом, тарбия, адолатли бўлиш, беғараз ва одил бўлишга чақирилди.
Бу учрашувлар шунчаки, номигагина ёки ҳисобот учун эмас, балки, ёш судьяларимизни, суд идораларида хизмат қилиб келаётган ходимларимизни фаолиятини амалга оширишда ҳалол-пок бўлишига, адолатли қарор қабул қилишига даъват этишдир. Судья ёки суд ходими деган юксак номга доғ туширмасликка, ўзларини ҳар хил ёмонликлардан асраб-авайлашга чақиришдир.
Айрим нопок, нафс балоси йўлида жиноятга қўл ураётган, судья деган номга иснод келтираётганлар ҳам учраб турибди. Натижада ўзи, ота-онаси, қавми-қариндоши бадном бўлиши баробарида, суд тизими обрўсининг тушиб кетишига сабабчи бўлмоқда.
Халқимиз “Қозининг пора олиши – унинг диндан чиқишидир” деб билади. Энди диндан чиққан одамнинг ҳолини ўзингиз кўз олдингизга келтиринг. Бу ҳақда гапиришга ҳам қўрқасан киши. Бугунги кундаги шунча шароит ва шунча имкониятлар билан яна кимдандир тамагирлик қилган судьяни қонун ҳам ва қолаверса парвардигорнинг ўзи ҳам ҳеч қачон кечирмайди.
—Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган маърузаларида Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактабини ташкил этиш таклифини илгари сурдилар. Ушбу муҳим ғоя бўйича фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Бугунги давр талабига жавоб берадиган билимли, малакали судьяларни тайёрлашда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф яъни, Судьялар олий мактабини ташкил этиш масаласи айни муддаодир. Амалиётда учраб турган айрим судьялар томонидан ҳали ҳам адолатсиз қарорлар қабул қилиниши билан боғлиқ суд тизимидаги камчиликларни бартараф этиш учун сифатли судьялар тайёрлаш ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Судьяликка муносиб деб топилган номзодларни камида бир йил ўқитиб, тайёр судья сифатида лавозимга тайинлаш тизимини жорий этиш зарурлиги, бунинг учун эса, Судьялар олий кенгаши қошида Судьялар олий мактабини ташкил этиш тўғрисидаги қарор ўз вақтида қабул қилинди. Ўз касбини виждонан бажара оладиган, тайёр судья кадрларни тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув даргоҳини ташкил этиш зарурияти бор эди.
Шунга алоҳида аҳамият беришимиз керакки, олий мактабга жалб этиладиган мутахассислар ҳар томонлама бугунги кун талабига жавоб берадиган билимли, шу соҳадаги миллий ва хорижий тажрибани яхши биладиган, дунёқараши кенг, ҳаётий ва касбий тажрибага эга бўлган амалиётчи ҳуқуқшунослар бўлиши шарт.
Бундан ташқари, Судьялар олий мактабига суд, адлия, прокуратура, ички ишлар органларида ишлаб катта тажрибага эга бўлганлар, хорижий мамлакатларнинг ҳуқуқшунослари, психиатрлар, экспертлар, соҳалардан мутахассислар, мантиқдан дарс берувчи шахсларни жалб этиш лозим бўлади. Уларнинг доимий равишда шу мактабга келиб, дарс ўтиши ёки мулоқотлар, учрашувлар ўтказиши жуда катта ижобий натижалар беради. Сабаби, улар ҳам назарий, ҳам амалий сабоқлар берадилар. Шунда назариёт ва амалиёт уйғунлиги вужудга келади. Айтмоқчиманки, Судьялар олий мактабида дарс берадиган мутахассислар катта интеллектуал салоҳиятга эга бўлишлари керак. Ана шунда кўзланган мақсадга эришилади ва суд корпуси ҳақиқий судьяликка шаклланган адолатли кадрлар билан таъминланади деган умиддаман.
Арслон ЭШМУРОДОВ суҳбатлашди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг