Ўтган йили Навоий вилоятида ҳар олтинчи ўғирлик жинояти очилмай қолган

17:26 17 Март 2025 Жамият
330 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан 2024 йил сарҳисоби ва жорий йилдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда ишлар тизимидаги ислоҳотлар, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида вилоятда амалга оширилган ишлар ҳамда белгиланган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди. Хусусан, ўтган йили содир бўлган 311 та ўғриликнинг 53 таси очилмай қолгани ўта нохуш ҳолат эканлиги қайд этилди.

— Фуқароларимизнинг соддалигидан ўғри ва фирибгарлар усталик билан фойдаланаётгани кузатилмоқда, — дейди вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Зоҳиджон Қаюмов. — Аксарият ҳолатларда юртдошларимиз фирибгарларнинг ваъдаларига учиб «чув» тушиб қолишмоқда. Мисол учун, Учқудуқ шаҳрида истиқомат қилувчи пенционер фуқаро фирибгарларга ўзининг шахсий маълумотларини қўшқўллаб топшириши оқибатида 70 миллион сўм кредитга тушиб турибди.

Фош этилмай қолган ўғрилик ҳолатларига келсак, уларнинг асосий қисми чўл ва тоғли ҳудудларда аҳоли томонидан чорва молларининг қаровсиз қолдирилиши оқибатида рўй бермоқда. Яъни фуқаро ўз чорва молини қачон йўқолганлиги ёки қайси ҳудуддан йўқолганлигини билмайди. Бу табиийки, суриштирув ва қидирув ишларида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.

Матбуот анжуманида вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати бошқармасининг ҳам 2024 йил ҳисоботи тингланди. Таъкидландики, вилоятда ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳисобот даврида бироз камайишига эришилган бўлсада, ҳалокат эҳтимолига беписанд қараш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Мисол учун, ўтган йили пиёдани транспорт воситасида уриб юбориш ҳолатлари 80 марта қайд этилган бўлса, шуларнинг 53 таси тротуарда содир этилган. Шунингдек, транспорт воситаларининг тўқнашуви умумий ЙТҲларининг 36,7 фоизини ташкил этиб, 15 таси қарама-қарши йўналишларга чиқиш оқибатида келиб чиққан.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер