Ота-оналар МТМ бошқарувида иштирок этади
Мамлакатимиз тарихида илк бор ота-оналар ва жамоат тузилмалари мактабгача таълим муассасалари бошқаруви бўйича ваколатга эга бўлдилар. Бу ҳақда МТМнинг кузатув кенгаши ҳақидаги Низом тасдиқланди.
— Кузатув кенгашлари боғчалар бошқаруви тизимини тубдан ўзгартиради, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Санжар Обидов. — Агар илгари мудиралар мактабгача таълим ҳудудий бўлимлари олдида ҳисоб берган бўлса, эндиликда улар ўз ҳаракатлари учун ота-оналар олдида жавобгардир. Янги Низомга кўра, мудиралар якка тартибда қарор қабул қила олмайдилар ва нопок раҳбарлар маблағларни ўзбошимчалик билан сарфлаш имкониятидан маҳрум бўлади. Молиявий қонунбузарлик ҳолати аниқланган тақдирда Кузатув кенгаши мудирани лавозимдан озод этиш масаласини кўтариши мумкин.
Эндиликда Кузатув кенгаши аъзолари таклиф этилган номзодлар орасидан мудирани сайлайди ва уни лавозимидан озод этиш бўйича таклифлар киритади. Молиявий ҳолат ҳақида, жумладан, кирим ва чиқим, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳамда ҳомийлар маблағлари бўйича ҳисоботлар қабул қилади, муассаса ходимлари фаолияти бўйича сўровлар ўтказади, бошқарувга доир устувор масалаларни белгилайди ва уларнинг ижросини назорат қилади.
Кузатув кенгашига аъзолар умумий йиғилишда ота-оналар, педагог ва тарбиячилар, МТМ маъмурияти, жамоат бирлашмалари (масалан, маҳалла қўмитаси) вакили ва ҳомийлардан шакллантирилади.
Кенгаши йиғилиши бир чоракда камида бир марта ўтказилади. Нодавлат МТМларида Кузатув кенгаши ташкил этилиши тавсиявий характерга эга.
Ота-оналарнинг ва кенг жамоатчиликнинг ўқув-тарбия жараёнларига жалб этилиши мактабгача таълим муассасаси бошқаруви механизми шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Дилшод КАРИМОВ, “Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг