Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга вирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлар учун 200 минг долларлик грант ажратади
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти М.Асакава ўртасида 1 апрель куни видеоконференция мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик маълумотига таяниб “Дунё” АА хабар берди.
Суҳбат чоғида мамлакатимизда аҳолини коронавирусдан ҳимоя қилиш ва глобал пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларга таъсирини юмшатиш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилиниб, ушбу жараёнда ОТБнинг Ўзбекистонга кўрсата оладиган ёрдам механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
ОТБ президенти коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича Президент Шавкат Мирзиёев таклиф қилган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг ўз вақтида ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.
М.Асакава ОТБ маблағ жалб қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлашга кўмаклашиш орқали Ўзбекистонни COVID-19 га қарши курашишда қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Ҳозирги кунда ОТБ Ўзбекистоннинг вирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлари учун 200 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратишни маъқуллади. Шунингдек, банк республика соғлиқни сақлаш тизимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча маблағларни жалб қилиш истиқболларини кўриб чиқмоқда.
Бундан ташқари, яқин кунларда банк раҳбарияти томонидан пандемия шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини рағбатлантириш учун қўшимча молиявий ресурсларни ажратиш масаласи кўриб чиқилади.
Мулоқотда, шунингдек, Ўзбекистонга 1 миллиард долларгача бюджет маблағларини ажратиш масаласи муҳокама қилинди.
Молиявий институт раҳбари М.Асакава ушбу масалани ҳал қилиш учун алоҳида гуруҳ тузилгани, бу борадаги мурожаатни маъқуллаш ва молиявий ёрдам маблағларини ажратиш жараёнини тезлаштиришда зарур барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилишни маълум қилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг