Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Сзинь Литсюн билан учрашув бўлиб ўтди

18:10 10 Март 2023 Сиёсат
809 0

Жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Сзинь Литсюн бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Учрашувда ҳозирги вақтда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва ОИИБ ўртасидаги молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Банк раҳбарияти Ўзбекистонда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларни юқори баҳолади ва ОИИБ Ўзбекистон билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш бўйича ишларни давом эттиришга тайёрлигига ишонтирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Банк маблағлари ҳисобидан лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми изчил ўсиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ўртасидаги Қўшма декларация»ни имзоладилар, унда Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасида 2023-2026 йиллар учун уч йиллик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Дастур энергетика, инфратузилмавий ривожланиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлаш соҳаларида лойиҳаларни амалга оширишни қамраб олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер