Осиё чемпионилари юртимизга ғалаба билан қайтди

10:02 10 Апрель 2026 Спорт
302 0

Филиппин давлати Тагайтай шаҳрида пара велоспортнинг трек йўналиши бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари юксак натижаларни қайд этди. Нуфузли мусобақада юртдошларимиз 12 та олтин, 10 та кумуш ва 7 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади ва қитъа миқёсида пешқадам эканини яна бир бор намоён этди.

Мазкур мусобақада муваффақиятли иштирок этган Андижон вилояти, Балиқчи туманида яшовчи спортчи Қудратжон Рўзиқулов C1 класси бўйича Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

— Бу мусобақа мен учун катта синов ва тажриба мактаби бўлди. Рақобат жуда кучли кечди, ҳар бир чиқишга жиддий тайёргарлик кўрдик. Осиё чемпиони бўлганимдан беқиёс хурсандман, бу натижа ортида мураббийим ва менга ишонган барчанинг меҳнати мужассам, — дейди спортчи.

Айни кунларда ғолиб спортчиларимиз жойларда муносиб кутиб олинмоқда. Уларнинг иштироки билан ўтказилаётган учрашув ва тадбирларда мусобақа таассуротлари, эришилган ютуқлар ҳақидаги самимий мулоҳазалар спорт ишқибозларига алоҳида руҳ бағишлаб, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи ва спортга бўлган қизиқишни янада оширмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер