Ўсимликлар ҳимоясида янгича ёндашув

11:06 10 Апрель 2018 Иқтисодиёт
2583 0


Маълумки, “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг бошида биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Айни пайтда мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш ва маромига етказиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Айтиш мумкинки, бугунги давр қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш агротехнологиясини тизимли ривожлантиришни тақозо этаяпти. Соҳага доир амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатлари эса бундан қарийб 20 йил аввал ишлаб чиқилган бўлиб, ўрганишларда унинг нормалари амалиётда тўлиқ ишламаётгани, ҳаволаки нормалар ва бўшлиқларнинг кўплиги аниқланди. Бу эса уни янги таҳрирда қабул қилиш заруратини кўрсатмоқда.

Қонун лойиҳасида киритилаётган принципиал янгиликларга тўхталадиган бўлсак, ўндан ортиқ концептуал масалалар қамраб олинаяпти. Жумладан, таклиф этилаётган ҳужжатда фақатгина қишлоқ хўжалиги ўсимликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга оид чегаравий нормалар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, махсус ваколатли органлар алоҳида берилаяпти. Айниқса, жисмоний ва юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид бир қатор нормалар белгиланаётгани Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларнинг қонуний жиҳатдан мустаҳкамланишида долзарб аҳамият касб этади.

Қонун лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳатларидан бири, унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари иштироки ифодаланаётганидир. Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда жамиятимиз тараққиётида уларнинг изчил фаолияти алоҳида ўрин тутмоқда. Шунга мувофиқ, мазкур ҳужжатда ушбу органларнинг соҳага алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши, кўмаклашиши ва тадбирларда бевосита қатнашишига оид нормалар киритилаётир. Шунингдек, унда қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоатчилик назорати амалга оширилишига оид норма кўзда тутилаётгани эътиборга молик.
Маълумки, амалдаги қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбуриятлари белгиланган эди. Янги таҳрирда эса уларнинг ҳуқуқлари алоҳида киритилмоқда. Бу эса мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш баробарида, фуқаролар манфаатларининг ҳуқуқий кафолатлари янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Қонун лойиҳаси тадбиркорлик соҳаси ривожида ҳам афзалликларга эга. Масалан, рўйхатга киритилган кимёвий воситаларни барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан белгиланган тартиб асосида республикага олиб кириш, сотиш ва сервис хизматлари кўрсатишига эркинлик берилмоқда. Шунингдек, маҳаллий корхоналар техник шартлар асосида кимёвий воситаларни эркин ҳолда ишлаб чиқариши, реализация қилиши ҳамда экспортга йўналтириши мумкин.

Ҳозирги вақтда қонун лойиҳаси ҳар томонлама қизғин муҳокама этилмоқда. Жумладан, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда сиёсий партиялар томонидан, шунингдек, жойлардан интернет тармоғи орқали кўплаб таклиф ва тавсиялар билдирилди. Барча ҳудудда ушбу қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича мутахассислар ва амалиётчилар иштирокида давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил қилиниб, юзга яқин таклифлар умумлаштирилган ҳолда ишчи гуруҳга тақдим этилди.

Таклиф ва тавсиялар алоҳида ўрганиб чиқилиб, уларнинг айримлари инобатга олинди. Масалан, ишлаб чиқарилган ёки олиб келинган кимёвий воситаларни рўйхатга олиш синовлари натижаларига доир хулосани тайёрлаш муддати олти ой эмас, балки уч ойгача камайтириш таклифи ижобий қабул қилинди. Бу мазкур соҳада фаолият юритувчи субъектлар, айниқса, тадбиркорларга янада қулайлик яратиши, шубҳасиз. Шунингдек, қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, маҳсулотларни реализация қилиш ва жавобгарликка оид нормалар ҳам билдирилган таклифлар асосида такомиллаштирилди.

Умуман айтганда, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши давлат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштириш, тизимдаги субъектларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгилаш ва шу орқали ўсимликларни ҳимоя қилиш сифатини яхшилаш, қонунни қўллаш амалиётида юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Исломжон ЗОКИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер