Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсишини прогноз қилди

20:33 11 Апрель 2026 Иқтисодиёт
563 0

Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) сўнгги прогнозларига кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши юқори даражада сақланиб қолади ва 2026 йилда 6,7 фоизни, 2027 йилда эса 6,8 фоизгача кўтарилишни ташкил этади. Бу ҳақда банкнинг 2026 йил апрель ойидаги «Осиё ривожланиш истиқболлари» (ADO) ҳисоботида сўз боради.

Аниқлик киритилишича, ушбу прогнозлар 10 март ҳолатига кўра шакллантирилган бўлиб, улар Яқин Шарқдаги низонинг тез орада барқарорлашиши сценарийси ва юқори даражадаги ноаниқликларни инобатга олган тахминларга асосланган.

2025 йилда иқтисодиётнинг барча асосий тармоқларидаги кучли кўрсаткичлар туфайли ўсиш суръатлари тезлашиб (7,7 фоиз даражасида), кутилганидан юқори бўлди.

Хизмат кўрсатиш соҳаси ўсишнинг асосий драйвери бўлиб қолди ва 14,7 фоизга ўсди. Бунга савдо, логистика, рақамли хизматлар ва туризм ривожи хизмат қилди. Саноат (қурилишдан ташқари) 6,8 фоизга ошди. Қурилиш соҳаси уй-жой ва инфратузилмага киритилган фаол инвестициялар ҳисобига 14,2 фоизлик жадал ўсишни кўрсатди. Қишлоқ хўжалиги ўсимликшунослик ва чорвачиликнинг барқарор ўсиши фонида 4,4 фоизга кўпайиб, иқтисодиётга ўз ҳиссасини қўшди.

«Ўзбекистон кейинги икки йилга кучли иқтисодий позиция билан, барқарор ички талаб, юқори даражадаги инвестициялар ва давом этаётган таркибий ислоҳотларга таянган ҳолда қадам қўймоқда. Изчил ислоҳотлар ва фискал интизом ташқи ноаниқликлар шароитида иқтисодиётнинг чидамлилигини оширди. Келажакдаги вазифа эса хусусий секторга асосланган янада самарали ўсишга ўтишдан иборат», — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая.

2025 йилда ички талаб иқтисодий ўсишнинг асосий таянчи бўлиб қолди. Бунга аҳоли даромадларининг ортиши, фаол тадбиркорлик ва юқори инвестициялар сабаб бўлди. Уй хўжаликларининг реал даромадлари 9,2 фоизга, жами инвестициялар ҳажми эса 10,5 фоизга ўсди.

Инфляция кутилганидан тезроқ пасайди: 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 2025 йилда 7,3 фоизгача тушди. Бу қатъий пул-кредит сиёсати, алмашув курсининг мустаҳкамланиши ва харажатларнинг камайишини акс эттиради.

Инфляция секинлашишда давом этиши кутилмоқда:

2026 йилда — 6,5 фоиз;

2027 йилга бориб эса Марказий банкнинг 5,0 фоизлик ўрта муддатли мақсадли кўрсаткичига яқинлашиши прогноз қилинмоқда. Энергия ресурслари тарифларининг қайта кўриб чиқилиши ва озиқ-овқат таъминотидаги хавфлар бу жараённи вақтинча секинлаштириши мумкин.

Бюджет тақчиллиги муҳим ижтимоий харажатлар сақлаб қолинган ҳолда ЯИМга нисбатан 2,1 фоизгача қисқарди. Экспорт, туризм тушумлари ва пул ўтказмаларининг ўсиши ҳисобига ташқи позициялар мустаҳкамланди, халқаро захиралар эса етарли даражада сақланиб қолди.

Ўзбекистон иқтисодий сиёсати учун асосий чақириқ бўлиб давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш орқали иқтисодиётнинг таркибий трансформациясини тезлаштириш қолмоқда. ЖСТга аъзолик ислоҳотларни мустаҳкамлаш, рақобатбардошликни ошириш ва юқори сифатли инвестицияларни жалб қилишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер