Ошқозон ости бези саратонининг иккита дастлабки белгиси аниқланди. Бу касалликка эрта ташхис қўйиш имконини бериши мумкин
Иллюстратив фото
Буюк Британия олимлари ошқозон ости бези саратони билан оғриган беморларнинг ташхис маълумотлари асосида тадқиқотини ўтказиб, ушбу хавфли касалликнинг аллақачон маълум бўлган 21 та аломати билан бир қаторда яна иккитасини аниқладилар. Булар ташналик ва пешоб рангини қорайиши.
Ушбу белгилар, муаллифларнинг фикрига кўра, одатда шифокорлар томонидан касаллик ҳақида ташхис қўйилишдан анча олдин пайдо бўлади. Ўрганишлар натижалари Буюк Британия Миллий саратон тадқиқот институти конференциясида ҳисобот шаклида тақдим этилган.
Оксфорд университети профессори Жулиа Хипписли-Кокс бошчилигидаги тадқиқотчилар QResearch электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда 2000-2017 йилларда ошқозон ости бези саратони ташхиси қўйилган 24236 нафар инглиз бемори ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқишган. Олимлар ташхис қўйишдан олдинги симптомларни таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратдилар ва уларни назорат гуруҳидаги белгилар билан солиштирди.
Ошқозон ости бези саратонининг энг кенг тарқалган тури бўлган канал аденокарциномаси (PDAC) учун муаллифлар 23 та симптомни аниқладилар. Уларнинг энг кўп тарқалгани терининг сарғайиши ва ошқозон ёки ичакда қон кетиши бўлган.
Бошқа аломатлар орасида диарея, қайд қилиш, ошқозон бузилиши, қорин бўшлиғидаги массалар, қорин оғриғи, вазн йўқотиш, ич қотиши, кўнгил айниши, ошқозон қизиши, иситма, чарчоқ, иштаҳани йўқотиш, қичишиш, бел оғриғи кабилар бўлиб, улар орасига илгари номаълум яна иккита симптом — ташналик ва пешоб рангининг қорайиши қўшилган.
Муаллифларнинг таъкидлашича, ошқозон ости бези саратони ҳар қандай кенг тарқалган касалликлар орасида энг паст омон қолиш даражасига эга. Беш йиллик омон қолиш даражаси атиги етти фоизни ташкил қилади. Афсуски, кўпчилик одамларда хасталик кеч босқичда аниқланади. Олимлар, тадқиқот натижалари касалликни эрта аниқлаш имконини беришига умид қилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг